МИБ томонидан 7 миллиард сўм махсус дафтарларга йўналтирилди
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг 6 ойида жами 695 миллиард сўмлик 71 минг 614 та ҳужжат юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган.
Бу ҳақда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этиш соҳасида жорий йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Олимжон Мардоновнинг маълумот беришича, ушбу ижро ишларининг асосий қисми, яъни қарийб 571 миллиард сўмлик 50 минг 514 тасини суд органларидан келиб тушган ижро ҳуужжати, 124 миллиард сўмлик 21 минг 100 та ижро ҳужжатини давлат солиқ органлари, ИИБ, ДСЭОМ ва бошқа ваколатли органлардан келиб тушган ижро ҳужжатлари ташкил этган.
Мулкий ундирувларга оид ижро ишлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида давлат фойдасига 72,4 миллиард сўм, юридик шахслар фойдасига 144,5 миллиард сўм, жисмоний шахслар фойдасига эса 14,8 миллиард сўм пул маблағлари ундирилди.

Шунингдек, солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ 2,5 мингта ижро иши бўйича 58,3 миллиард сўм, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 606,8 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилган. Шу билан бирга жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ 14 та ижро иши бўйича 80,6 миллион сўм, жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ 10 мингга яқин ижро иши бўйича 6,2 миллиард сўм ундирилди.
Ўтган давр мобайнида суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 152 нафар шахс ишга тикланган ва тўланмай қолган 757 миллион сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилган.
– Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндошиш, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажрашиб кетиш ҳолатлари ўсиши натижасида алиментга оид ижро ҳужжатлари сони кескин ортмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи О.Мардонов. – Таҳлилларга кўра, 2017 йил 6 ойигача бўлган даврда тугатилган суд департаментнинг вилоят иш юритувида жами 6 минг 337 та алимент ундириш ҳақидаги ишлар мавжуд бўлган. Айни вақтда эса давлат ижрочиларининг иш юритувида қолдиқда бўлган 38 минг 354 та ижро ҳужжатининг 11 минг 254 таси алимент масаласига оид ишларни ташкил қилади.
Тизим ходимларининг мавжуд муаммоларга ўзгача ёндошиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан алоқадор ташкилотлар билан оилаларни ўзаро яраштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг ҳисобот даврида 230 оила яраштирилган. Амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 2,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди.
Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, ушбу тоифага кирувчи 396 нафар алимент тўловчи ота ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларини маълум миқдорига қаратилди.
Шунингдек, 5 та ҳолатда алимент тўловлари пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклда қопланиб, болаларнинг вояга етгунига қадар таъминоти тўлиқ таъминланди ва ижро ҳужжатлари ижроси амалда тамомланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабидан келиб чиқиб, янги тизим асосида 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисмини “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича жамғармаларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 7 миллиард сўм пул маблағлари махсус дафтарларга ундирилиши таъминланди.
Бироқ эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мажбурий ундирув тадбирларини амалга оширишда мавжуд ресурс ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяти.
– Бугунги кунда бошқарма иш юритувида мулкий ундирувлар билан боғлиқ 308,1 миллиард сўмлик 38 минг 354 та ижро иши, шу жумладан, давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 48,4 миллиард сўмлик 14 минг 411 та ижро иши қолдиқда сақланиб келмоқда, – дейди А.Мардонов. – Бунда бюронинг Навоий шаҳар, Кармана ва Нурота туман бўлимлари томонидан амалга оширилаётган ишларни талаб даражасида деб бўлмайди.
Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев, ЎзА