МИБ тадбиркорнинг қарзини ундириб берди
Қумқўрғон туманидаги “Termiz Jayxun Cluster” масъулияти чекланган жамияти Қизириқ туманида фаолият юраётган “Surxon Cotton Textile Cluster” масъулияти чекланган жамиятига ўзаро шартнома асосида тегишли хизмат кўрсатиб, белгиланган хом ашёларни ўз вақтида етказиб берган.
Бироқ, кўрсатилган хизматлар ва маҳсулотлар учун “Surxon Cotton Textile Cluster” масъулияти чекланган жамияти шартнома шартларида кўрсатилган тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган. Мазкур масала Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилиб, ҳал этилди. “Termiz Jayxun Cluster” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 1 миллиард 111 миллион 534 минг сўм қарз ундириш белгиланди.
Бу ҳақидаги ижро ҳужжати МИБ Қизириқ туман бўлими иш юритувига қабул қилингач, қарздор жамият раҳбари огоҳлантирилди. Белгиланган ихтиёрий муддатда қарздорлик тўлаб берилмагани учун мажбурий ижро этиш чоралари кўрилиб, “Surxon Cotton Textile Cluster” масъулияти чекланган жамиятининг барча ҳисоб рақамларига банд солинди. Инкасса топшириқномалари юборилиб, қумқўрғонлик тадбиркор фойдасига қарздорлик тўлиқ ундириб берилди. Шундан сўнг ижро ҳужжати иш юритувдан тугатилиб, қарздорга қўйилган барча чекловлар бекор қилинди.
Исломиддин Зайниддинов,
МИБ Сурхондарё вилояти,
Қизириқ туман бўлими давлат ижрочиси