МИБ: солиқ қарздорликлар ундирилди
Термиз шаҳрида МИБ вилоят бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда журналист ва блогерларга соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган беш ойида МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда ҳудудий ва туманлараро бўлимлари давлат ижрочилари томонидан 6 триллион 255 миллиард 616 миллион сўмлик 537 минг 377 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди ва уч триллион 87 миллиард 685 миллион сўмлик 234 минг 957 та ижро ҳужжати ижроси таъминланди.

Қайд этилдики, жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бошқарма органларига кўп ижро ҳужжати келиб тушган бўлсада, жорий йилнинг беш ойида 2024 йилга нисбатан 106 мингта кўп ҳужжат ижроси таъминланган. Жумладан, жиноят оқибатида давлатга етказилган зарарларни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича 47 миллион сўмлик, солиқ қарздорлигини ундиришга доир 15 минг 435 та ижро ҳужжати асосида 345 миллиард сўм, жиноий жарималарни ундиришга доир 153 та ижро ҳужжати бўйича 2 миллиард 470 миллион сўм, маъмурий жарималарни ундиришга доир 73 мингдан зиёд ижро ҳужжати асосида 36 миллиард 250 миллион сўм, давлат божи ундирувига оид 20 минг 412 та ижро ҳужжатлари бўйича 21 миллиард 479 миллион сўм маблағ ундирилган.

МИБ вилоят бошқармасининг қидирув шўъбаси олиб борган тадбирлар чоғида алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган қидирувдаги 138 нафар қарздор топилган. Суриштирув соҳасида қайд этилган жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар юзасидан 18 та жиноят иши қўзғатилган. Иш юритувда бўлган 47 та жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, 35 таси айблов далолатномаси, яраштирув ва тиббий йўсинда мажбурлов чораси билан судга юборилган. 27 таси бўйича суриштирув тўхтатилиб, 4 таси жорий ой бошига қолдиқ бўлиб ўтган. Аниқланган 967 миллион сўм зарардан суриштирувлар чоғида 357 миллион сўми ундирилган.
Матбуот анжуманида шунингдек, узоқ муддатдан буён алимент тўловларини тўламасдан келаётган қарздорларга кўрилган чоралар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси, жиноят, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик судлари ҳужжатлари юзасидан амалга оширилган ишлар, бошқарма ҳамда унинг қуйи тизимларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ечими тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири