МИБ: шахмат ва шашка ғолиблари тақдирланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш мақсадида бир қатор мусобақалар уюштириб келинмоқда.
Вилоят спорт бошқармаси ҳамда Давлатобод тумани спорт мактаби билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги ана шундай турнирда Бюро ишчи-ходимлари спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича “Бошқарма бошлиғи” соврини учун ўзаро беллашди. Бош прокуратура ва Мажбурий ижро бюросининг йил давомида ташкил этиладиган мусобақаларнинг дастлабкисида 20 нафардан ортиқ ҳаваскор спортчи ходим иштирок этди.

Ўзаро дўстлик, рақобат ва муросасиз кечган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, шахмат бўйича МИБ Мингбулоқ тумани бўлими ходими Бекзод Абдураҳмонов мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Иккинчи ўринни Бюронинг Давлатобод тумани бўлими давлат ижрочиси Жаҳонгир Раҳимов эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Бюронинг Поп тумани бўлими давлат ижрочиси Шерзод Эргашевга насиб этди.

Шашка бўйича ўйинларда МИБ Наманган вилояти бошқармаси инспектори Абдулбоситхўжа Ҳамроевга тенг келадиган рақиб топилмади. Бошқарманинг яна бир вакили Фарҳод Раҳимов иккинчи натижани қайд этди. Бюронинг Янгиқўрғон тумани бўлими давлат ижрочиси Улуғбек Машарипов мусобақани кучли учликда якунлади.
Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари МИБ Наманган вилояти бошқармаси раҳбарияти ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА