МИБ: рақамлаштириш соҳага изчил татбиқ этилмоқда
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларга рақамлаштириш ва амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар юзасидан маълумот берилди.
МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов қайд этганидек, кейинги йилларда замон талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бюро органларини ҳам қамраб олмоқда.
Таъкидланганидек, бюро органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ижро ҳаракатлари доимий равишда такомиллаштирилмоқда. Замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, электрон ижро тизимларидан самарали фойдаланиш ва мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2026 йилнинг 30 мартдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур фармондан кўзланган мақсад ижро жараёнларига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда аҳоли учун қулай ва шаффоф хизматларни яратишдан иборат.

Шунга кўра, келгусида ижро ишларининг камида 30 фоизи давлат ижрочиларининг бевосита аралашувисиз автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Қолаверса, 2027 йил 1 январдан бошлаб давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматик тарзда шакллантирилиши режалаштирилган.
Эндиликда мулк ва активларни бошқариш соҳасида ҳам янги механизмлар жорий этилмоқда. 2026 йил 1 июлдан бошлаб суд ҳужжатлари асосида давлат даромадига ўтказиладиган автотранспорт воситалари ҳамда кўчмас мулк объектлари давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, мол-мулкларни электрон онлайн-аукционлар орқали сотиш амалиёти янада кенг қўлланилади.


Муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатларини амалга ошириш ихтисослаштирилган давлат ижрочилари зиммасига юклатилмоқда. Мазкур вазифаларнинг самарадорлигини таъминлаш учун қўшимча 400 та штат бирлиги ажратилди. Натижада Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасида алоҳида муҳим ижро ҳужжатларини бажариш шўъбаси малакали мутахассислар билан шакллантирилиб, иш бошлади.
Алимент мажбуриятларини ўз вақтида таъминлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида бўлиб қолмоқда. 2026 йил 1 майдан бошлаб алимент қарздорлигини бартараф этишга қаратилган янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, қарздорлик тўлиқ қопланмагунга қадар айрим йирик битимларни амалга ошириш, шунингдек, муайян молиявий ва давлат хизматларидан фойдаланишга нисбатан чекловлар қўлланилади.
Суд қарорларининг ижросини таъминлаш жараёнида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосий тамойил сифатида белгилангани таъкидланди.
Матбуот анжуманида журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари соҳага оид қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди. МИБ Наманган вилояти бошқармаси томонидан келгусида ҳам давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, суд ҳужжатлари ижроси самарадорлигини янада ошириш, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши айтиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА