МИБ: қидирувдаги транспорт воситалари топилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги тезкор тадбирлар давомида қарздорларга тегишли 24 қидирувдаги юк транспорт воситалари топилди.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор “Yangi kelajak mangu trans” жамиятидан ундирувчи “Evrostar premium” корхонаси фойдасига 73 849 745 сўм қарз ундириш кўрсатиб ўтилган.
Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Давлатобод тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган. Давлат ижрочиси томонидан қарздорликни ихтиёрий муддатда тўлаб қўйиши огоҳлантирилган. Бироқ жамият раҳбарлари маъсулиятни унутиб, қарздорликни вақтида бартараф этмайди.
Иш гаровдаги “Howo” русумли юк транспорти воситасига қаратилади ва қидирув эълон қилинади. Олиб борилган тезкор маълумотларга кўра, куни кеча транспорт воситаси Учқўрғон туманидан топилиб, тегишли тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Яна бир қарздорнинг автомотранспорт воситасини қидириш тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш борасида олиб борилган ҳаракатлар ҳам натижа берди. Маълум бўлишича, бошқарма иш юритувида бўлган, Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 апрелдаги қарорига мувофиқ, қарздор жамиятдан “Namangan tola tekstil” жамияти фойдасига 20 миллиард сўм қарз ундириш белгиланган. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг номида бўлган 47 та автотранспорт воситаси аниқланиб, тезкор қидирув жараёнларида 23 таси топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан бу борадаги қидирув тадбирлари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА