МИБ: ижро ҳужжатлари доимо назоратда
Самарқандда МИБ ундирувларидан 45,7 миллиард сўми ижтимоий дафтарлар жамғармасига йўналтирилди.
Бу ҳақида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Суръат Жабборов иштирокида бошқарманинг 2022 йилги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йил МИБнинг вилоят бошқармаси ва туман-шаҳар бўлимлари томонидан 6,5 триллион сўмлик 541 минг 717 та ижро ҳужжатлари юзасидан амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида 4,6 триллион сўмлик 368 минг 971 та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилинган ва амалда 2,4 триллион сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиши таъминланган.

– Давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони талабидан келиб чиқиб, давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисми, яъни 45,7 миллиард сўм “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича жамғармаларга йўналтирилиб, белгиланган режа 132 фоизга бажарилиши таъминланди, – деди С.Жабборов. – Яна бир муҳим масала – алимент ундирувлари билан боғлиқ. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида алимент тўловларини ундиришга доир ижро хужжатлари 35 минг 396 тани ташкил қилди. 2022 йилда бу йўналишда амалга оширилган ишлар, мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 141,7 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 7555 та ёш оила яраштирилди. 2886 нафар ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорлар ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақи миқдорига қаратилди. Шу билан бирга алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 1100 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка, 139 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилди. Йил давомида бюронинг вилоят бошқармаси органлари томонидан банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 1,9 триллион сўмлик 34622 та ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, 1,3 триллион сўмлик 19531 таси бўйича якуний қарорлар қабул қилинган, 6376 таси бўйича 499,6 миллиард сўм ундирилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА