МИБ: ҳужжатлар ижроси назоратда
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда олиб бораётган амалий тадбирлар кутилган самара бермоқда.
Амалдаги тартибга кўра, суд ва бошқа идоралар ҳужжатларига асосан Бюро ходимлари қарздор ва унинг мол-мулки турган жой ҳақида маълумот бўлмаганда, уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилиб, ижросини таъминлашга киришади. Айнан бу борада Наманган шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувидаги ҳужжатлар ижроси доимо назоратда. Ўтказилаётган тадбирлар давомида банк қарздорлиги бўйича гаровга қўйилган автотранспорт воситалари топилмоқда.
Масалан, МИБ вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида банк гаровидаги “Jetour” автомашинаси топилди.

Маълум бўлишича, фуқаро М. А. га хорижий капитал иштирокидаги "Ҳамкорбанк"дан ўзаро шартномага кўра кредит ажратилган. Бироқ, олинган кредит мажбуриятлари ўз вақтида бажарилмайди. Банк судга даъво билан қарздорликни мажбурий тартибда ундириш бўйича мурожаат қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди томонидан банк фойдасига 238 миллион 147 минг сўм кредит қарздорликни ундириш, ундирувни “Jetour” автомобилига қаратиш белгиланади.
Мазкур суд ижро варақаси бюронинг Уйчи тумани бўлими иш юритувига келиб тушади. Фуқарога қарздорликни ихтиёрий муддатда бартараф этиш сўралади. Аммо, қарздор бу масалага панжа орасидан қарайди. Шундан сўнг мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилади. Қарздор суд қарорида кўрсатилган гаровдаги транспорт воситасини яшириб қўяди. “Ҳеч ким билмайди ёки кўрмайди” қабилида иш тутган қарздорнинг автоулови МИБ ходимлари томонидан топилди ва хатловдан ўтказилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор А. А. дан банк фойдасига 267,2 миллион сўм кредит қарзи ундириш, ундирувни “Xunday Sonata” русумли автомашинасига қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд. Ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган автотранспорт воситаси топилди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида бошқармамиз ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан мингдан ортиқ транспорт воситалари топилишига эришилди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси катта инспектори Ўктамжон Аҳмедов. – Бунда асосан ички ишлар ва бошқа давлат органлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбирлари натижа берганлигини кўриш мумкин.
Мажбурий ижро бюроси идоралари томонидан қидирув билан боғлиқ тадбирлар давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА