МИБ алиментчи оилаларни яраштирмоқда
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари ходимлари алимент қарздорликларини ундириш баробарида ажрашган оиларни яраштиришга ҳам кўмаклашмоқда.
Жумладан, бюронинг Музработ туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг 2015 йил 17 августдаги қарори билан М.Шариповдан 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун Ш.Шарипова фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Музработ туман бўлими ходимлари томонидан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида қарздор М.Шарипов турмуш ўртоғи билан ярашиб, оиласини тиклаш истаги борлигини билдирган. Шунга кўра, мазкур ижро ҳужжати юзасидан бу оила яраштирилиб, ижро ҳужжатлари бўйича юритилган ижро иши янги йилнинг илк кунларида тугатилди.
Бюронинг Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси иш тажрибасидан келиб чиқиб, иш юритувида бўлган М.Тоғаева ва унинг турмуш ўртоғи Б.Бўтаевани яраштириб, арзимас сабаб билан дарз кетган оилани қайта тиклади.
– Ижро ҳужжатига асосан вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент пулларини ундириш бизнинг асосий вазифамиз, –дейди МИБ Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси Б.Мадиев. – Ишимиз жараёнида ўзаро ярашиб, қайта оила қургач, фарзандларининг қувончини кўрганимизда беихтиёр суюнамиз. Уларга оила муқаддас қўрғон эканини тушунтиролганимиздан фахр ҳиссини туямиз. Бу бизнинг хайрли ишимизга янада кўпроқ шижоат бағишлайди. Яраштирилаётган оилаларда эр-хотин муносабатлари қайта тиклангани, оилалар ярашгани муносабати билан қарз ундирувчиларнинг аризасига асосан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бекор қилинмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА