АОКАда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева иштирокида ўтказилган брифингда саноат корхоналаридан чиқадиган оқова сувларнинг табиий сув объектларига зарарини камайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан саноат корхоналаридан чиқадиган оқова сувларнинг табиий сув объектларига зарарини камайтириш мақсадида хатлов ўтказилган. Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги локал оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш мақсадида 93 та саноат корхонасининг рўйхати шакллантирилган.
Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридан чиқаётган маиший оқова сувларни тозаловчи “Салар”, “Бектемир” ва “Бўзсув” тўйинтириш иншоотларига оқова сувларини ташлаётган саноат корхоналари хатлови амалга оширилди. Оқова сувлар сифатини яхшилаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилди. Шаҳарда коммунал канализация тизимига салбий таъсир кўрсатувчи 140 саноат корхонасининг рўйхати шакллантирилди.
Ўрганишлар давомида 115 корхонадан кимёвий таҳлил намуналари олинди. 25 корхона фаолият юритмаётгани аниқланди. Меъёридан ортиқ ифлосланган моддалар чиқарувчи 44 корхонага нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди. Очиқ сув ҳавзаларига ифлос оқовалар чиқараётган 72 та саноат корхонасида экологик назорат тадбирлари ўтказилди. Уларга огоҳлантириш хатлари берилиб, 38 корхонага қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди. 36 корхона бўйича тўпланган материаллар чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот идораларига юборилди.
Нукус шаҳрида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш ва ифлосланишини камайтиришга қаратилган “Тежамкор уй” ва “Тежамкор хонадон” рейтинг тизими бўйича хатлов ўтказилди. Бунинг учун 38 та кўп қаватли уй танлаб олинди.
Ўзбекистон бўйлаб жорий йилда 2 минг гектар ер майдонларини рекультивация қилиш режалаштирилган. Ўтган 9 ой давомида 1100 гектар ер майдони рекультивация қилинди. 3 ярим мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект томонидан бузилган ерларнинг рекультивация қилиниши назоратга олинган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА