Мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда
Жиззахда ўтказилаётган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида вилоятнинг барча туманларидан 150 дан ортиқ фермер хўжалиги ва қайта ишлаш корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда.
Жиззахда ўтказилаётган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида вилоятнинг барча туманларидан 150 дан ортиқ фермер хўжалиги ва қайта ишлаш корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда.Ярмарканинг очилиш маросимида Биринчи Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва уни экспорт қилишни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ярмаркада мева-сабзавот маҳсулотларини истеъмолчиларга арзон нархларда етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ярмаркага улгуржи савдо, тайёрловчи, ижтимоий соҳа ташкилотлари вакиллари, харидорлар таклиф этилди.
– Бундай тадбирлар мева-сабзавот етиштирувчи фермер хўжаликлари, экспортчи корхоналарга катта имконият яратиши шу йил пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси натижаларидан яхши маълум, – дейди “Жиззах экспорт-импорт” агрофирмаси раҳбари И.Олимов. – Ҳудудимизда илк маротаба ўтказилаётган ярмарка биз учун яна бир қулайлик бўлди. Ярмарка давомида фермерлар, тайёрлов корхоналари билан маҳсулотга хорижлик харидорлар топиш бўйича келишувларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Ярмарка якунида “Энг намунали фермер хўжалиги”, “Энг намунали қайта ишлаш корхонаси”, “Энг намунали экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарувчи” каби номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланади.