Метрологик хизматлар экспорт қилинмоқда
20 май – Халқаро метрология куни муносабати билан Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси ва Халқаро қонунчилик метрологияси бюроси 2023 йил учун «Глобал озиқ-овқат тизимини қўллаб-қувватловчи ўлчашлар» шиорини эълон қилди.
Анъанага биноан сана муносабати билан “World Metrology Day” сайтида Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.
Ўзбекистон миллий метрология институтининг асосий вазифалари қаторига миллий эталонлар базасини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чораларни амалга ошириш киради. Шу билан бирга эталонлар, энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини сақлаб туриш, уларни халқаро даражада солиштириш, ўлчашларининг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади. Қолаверса, метрологик назорат натижаларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартномаларни амалга ошириш ва бошқа вазифаларни бажаради.
Институт томонидан сўнгги уч йилда миллий эталонлар базаси кенгайтирилиб, ўтган йилда ҳукумат қарорига асосан яна 2 дона эталон — Қўнғироқсимон газ эталони ва Ҳаводаги товуш босими бирлиги эталонлари ишга туширилди. Ҳозирда Миллий эталонларнинг умумий сони 23 тага етказилди.
Халқаро рейтингларда метрологик фаолият мавқеини ошириш ҳамда ўлчашларни халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида Халқаро тарози ва ўлчовлар бюросининг минтақавий метрологик ташкилотлари доирасида 14 солиштириш лойиҳаларида иштирок этилмоқда. Шунингдек, 3 ташқи техник ҳамкорлик лойиҳалари бўлган IAEA, “Atlas International”, (PTB) доирасида иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораторияси ҳамда тезлик параметрларини ўлчаш махсус-мобил лабораториялари ташкил этилди.
– Германиянинг физика техника институти «Ўзбекистон иқтисодиёти учун сифатни таъминлаш бўйича хизматларни ривожлантириш ва сифат инфратузилмасини ислоҳ қилишга кўмаклашиш» лойиҳаси асосида калибрлаш лабораторияларини халқаро даражага олиб чиқиш мақсадида 5 та халқаро экспертлар доимий равишда жалб этилди, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов. – Саноат тармоқларидаги аниқ ўлчашларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, шунингдек, жойларда калибрлаш хизматларини жорий қилиш мақсадида 15 та, шундан 8 таси ҳудудий филиалларда янги калибрлаш лабораториялари ташкил этилди. Энг муҳими 3 та масса, босим ва ҳарорат лабораториялари халқаро аккредитациядан ўтказилди. Натижада илк бор Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон каби қўшни давлатларга метрологик хизматлар экспорти йўлга қўйилди.
Метрологияга оид билим ва кўникмаларни доимий ошириб бориш мақсадида ихтисослаштирилган етакчи хорижий ташкилотларда яъни Туркия, Германия, Латвия, Молдова, Италия, Россия, Беларусь, Франция давлатларига метролог мутахассисларнинг малакаси оширилди. Натижада, 2021 йилдаги илмий-инновацион фаолият натижалари бўйича Миллий рейтингда 103 поғонадан 26 поғонага, ўтган йилларга нисбатан 77 поғона юқорига кўтарилишга эришилди.
Жойлардаги ишлаб чиқарувчиларга янада қулайлик яратиш ва калибрлаш хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида Қорақалпоғистон, Сирдарё, Андижон, Навоий, Фарғона, Қўқон, Хоразм ва Сурхондарё филиалларида калибрлаш лабораториялари ташкил этилиб, мазкур хизмат йўлга қўйилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА