Метродаги электрон пандусларнинг тўлиқ ишга туширилиши учун ким масъул?
Сўнгги йилларда Тошкент метрополитенидан фойдаланувчилар сони сезиларли даражада ошган.
Бу эса нафақат ташиш хизматлари сифатини, балки бекатлардаги инфратузилманинг барча йўловчилар учун қулай ва хавфсиз бўлишини ҳам тақозо этади. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар ва кексалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар ва кекса ёшдаги йўловчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида метро бекатларига замонавий электрон кўтаргич пандуслари ўрнатиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
Хўш, бугун бир нечта метро бекатларининг кириш-чиқиш қисмларида ўрнатилган замонавий электрон кўтаргич пандуслар тўлиқ ишга туширилдими?
“Тошкент метрополитени” АЖ матбуот хизматининг маълумотига кўра, лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж ишларини эса пудратчи ташкилот — “Технопарк” МЧЖ бажармоқда. Айни пайтда электрон кўтаргичларни ўрнатиш, созлаш ва синовдан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.
Метрополитен маъмурияти қурилмалардаги камчиликларни бартараф этиш ва ишларни жадаллаштириш юзасидан масъул ташкилотларга бир неча бор расмий мурожаат юборган. Қайд этилишича, пандуслар ҳали метрополитен балансига ўтказилмаган. Барча қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, зарур синовлар ўтказилгач, қурилмаларнинг техник талабларга мувофиқлиги тасдиқланиши ва белгиланган қабул қилиш тартиб-таомилларидан сўнг метрополитен тасарруфига ўтказилиши кўзда тутилган.
Қурилмаларни ўрнатишнинг ўзи улар тўлиқ фойдаланишга тайёр дегани эмас. Уларнинг хавфсизлиги, техник созлиги ва белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳам тасдиқланиши керак. Шунингдек, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва қурилмалардан тўғри фойдаланиш мақсадида ҳар бир электрон пандус ёнига фойдаланиш тартибини тушунтирувчи йўриқномалар ҳамда ахборот материаллари жойлаштирилмоқда.
Метрополитен мутасаддилари йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш, жумладан, ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар учун инфратузилма қулайлигини ошириш ишлари давом эттирилишини маълум қилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА