Менинг ғоям – менинг имкониятим
«Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Менинг бизнес ғоям” танловининг Тошкент шаҳар босқичи якунланди.
«Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Менинг бизнес ғоям” танловининг Тошкент шаҳар босқичи якунланди.Мамлакатимизда навқирон авлодни, хусусан, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, битирувчиларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринлари яратиш, уларнинг мустақил ҳаётда ўз ўринларини топиши ва бизнес фаолиятини йўлга қўйишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида турли кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таьлим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк ва бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида 2011 йилдан буён ўтказилаётган “Менинг бизнес ғоям” танлови шундай лойиҳалардан. Ўтган йили ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур танловнинг 28 ғолибига 312 миллион сўмдан зиёд микрокредит олиш учун сертификат берилган.
– Иштирокчилар тақдим этадиган иншолар ўзига хос талаблар асосида сараланади, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли Муслима Омонқулова. – Жумладан, иншода тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга оид истиқболли бизнес ғоя, яратиладиган иш ўринлари сони ва олинадиган даромад аниқ кўрсатилиши зарур.
Танловнинг туман босқичларида 10 мингдан ортиқ йигит-қиз қизиқарли бизнес лойиҳалари билан иштирок этди. Улар орасидан энг яхши деб топилган 120 нафар иштирокчининг аҳолига хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга оид бизнес ғояси шаҳар босқичида кўриб чиқилди.
– Қурилиш корхоналари учун махсус кийим тайёрлашни йўлга қўйишга оид бизнес режам билан иштирок этдим, – дейди Сергели тиббиёт коллежи битирувчиси Абрам Қурбонбоев. – Биз, ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.
Танлов доирасида ташкил этилган семинар-тренингларда мутахассислар ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, бизнес режа тузиш ва банкдан кредит олиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берди. Ёшларнинг турли йўналишлар бўйича бизнес лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўн нафар иштирокчи танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.