“Мен юртимга қалқон бўламан!”
Андижонда “Мен юртимга қалқон бўламан!” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик тадбири бўлиб ўтди.
Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши, Миллий гвардия, Қўриқлаш ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилган тадбирда ҳарбийлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари, ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди, шунингдек, ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-19347]
– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшларни фаол, фидойи ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, – дейди Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши ҳарбий бўлим бошлиғи, подполковник Иқболжон Абдухолиқов. – Қолаверса, ёшларимизни ҳарбий касбга қизиқишини оширишдан иборат.
Тадбир доирасида намойиш этилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларимизнинг миллий армиямиз, Қуролли Кучларимиз салоҳияти ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди, ҳарбий касбга бўлган қизиқишини оширди.
– Ушбу тадбир менинг ҳарбийларга бўлган ҳурматимни, ҳарбий касбга қизиқишимни янада оширди, – дейди Андижон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Раҳмонжон Абдумаликов. – Насиб этса, келажакда Ватан ҳимоячиси бўлиб, юртим тинчлиги ва осойишталигини сақлашга муносиб ҳисса қўшаман.
Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ўқувчи ёшларга хуш кайфият, тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари