Мен ўз келажагим учун овоз бердим
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Бухорода муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.
– Мен 599-референдум участкасида аъзо сифатида муҳим сиёсий жараёнга ҳиссамни қўшяпман, – дейди фуқаро Лола Пўлатова. –Чунки жорий йилнинг 30 апрель куни овоз бериш билан боғлиқ ишлар қизғин тус олади. Шу боис ўзим рўйхатда бўлган Ғиждувон туманидаги 541-референдум участкасига келиб, муддатидан олдин ўз келажагим учун овоз бердим.
– Муҳим сиёсий жараёнда овоз берувчиларга ноқулайлик яратмаслик мақсадида референдум учун муддатидан олдин овоз бердим, – дейди Жондор туманидаги 6-мактабда жойлашган 253-сайлов участкаси аъзоси Феруз Турсунов. – 30 апрель санасида Кўлиён қишлоғи атрофидаги аҳоли референдумда фаол иштирок этиши мақсадида барча зарурий чораларни кўрганмиз. Айни пайтда мазкур ишда ўзимиз ташаббус кўрсатиб, сиёсий қарашимизни ифода этмоқдамиз.

Лола Пўлатова, Феруз Турсунов каби референдум куни маълум сабабга кўра, ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар яшаш ҳудудларидаги участкаларда муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида иштирок этмоқда.
Маълумот учун, муддатидан олдин овоз бериш жараёни 26-апрелга қадар давом этади. Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар амалга оширилади.
Муддатидан олдин овоз бериш учун фуқаро референдум участкасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан бориши керак.
Зариф Комилов, ЎзА