«Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!"
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида иқтидорли рангтасвирчи рассом Ваҳоб Зияевнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!» номли шахсий кўргазмаси очилди.
Рассом Ваҳоб Зияев1937 йил Тошкентда заргар оиласида туғилган. Балки шу боисдир унинг табиатида ота касбининг заҳматли изланиши сезилиб туради. У ҳаётий деталларни, табиий ранг стихиясини, воқеликни ўзининг руҳий ҳолатига мослайди, уларга қалб қўри билан жило беради, ранглар устида узоқ изланади.
Кўргазмада қайд этилганидек, В. Зияевнинг маҳорати 1953-1958 йилларда П.Бенков номидаги рассомлик билим юртида таҳсил олганида ва 1959-1965 йилларда А. Островский номидаги театр ва рассомлик институтида сабоқ олган кезларида шаклланиб борди. Шарқ миниатюра санъати билимдони улуғ рассом Чингиз Ахмаров билан танишуви, кейинчалик у билан Тошкент Политехника институти архитектура факультетида педагоглик қилиши ижодининг асосий тамойилларини белгилаб берди.
В. Зияев Чингиз Аҳмаров устахонасида беш йил биргаликда ижод қилди. Ҳирот ва Бухоро миниатюра мактаби санъатини ўрганди. Рассомнинг 1974 йилда яратган «Сукунат» лирик картинаси замонавий ўзбек тасвирий санъатида ўзига хос янгилик сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, муаллиф ўз асарлари «Кўҳна қўшиқ»(1974), «Осуда осмон»(1978), «Аввал қишлоғидаги чойхона»(1965), «Навоий Султон Ҳусайнга қасида ўқилмоқда»(1968)да кўҳна макон, миллий ҳаёт тарзи, оталар анъаналари мавзусини гавдалантирди.
[gallery-9540]
Рассом Зоминга сафар қилади. «Зомин тоғлари» (1996) туркумида кўпгина манзаралар ва портретлар ишлади. Бу асарларда кўпроқ табиат ва инсон ўртасидаги муносабатлар, руҳий ўзгаришлар, меҳнатга янгича муносабатлар ўз ифодасини топган.
Ваҳоб Зияев ижодида Пошҳурт қишлоғи мавзуси алоҳида ўрин тутади. Бақтрия даврларидан бери мавжуд бу қишлоқ жуғрофий жойлашуви, манзарасининг рангларга бойлиги одамларининг яшаш тарзи, анъаналарининг ўзига хослиги билан кўпгина рассомларни ўзига жалб этиб келади. Пошҳурт мавзусини тасвирий санъатда илк бор Рўзи Чориев акс эттирган бўлса, кейинчалик, Б. Бобоев, Ж. Умарбеков, Б. Жалолов, А. Мирзаев, П. Тоҳиров сингари ижодкорлар ҳам бу мавзуда ўзига хос асарлар яратишган.
В. Зияев ижодида тарихий обидалар, шаҳар архитектураси ва манзараси акс этганасарлар унча кўп эмас. Рассомни кўпроқ қишлоқ табиати, қишлоқ одамлари, боғлари, ҳовлилари ва кўчалари қизиқтиради. Аммо тарихий обидаларни ишлашда ҳам у ўзига хос йўл тутади. Рассом кун ботаётган оқшом пайтида қизғимтир ва мовий-гунафша рангга кирган Шоҳизинда манзарасини олис ўтмишнинг ғаройиб ҳикоячиси сифатида жонлантиради.
Замонавий ўзбек тасвирий санъатида бадиий жараён кўлами кенгайиб, ранго-ранглик касб этмоқда. Унинг бундай жозибали манзара касб этишида рассом Ваҳоб Зияев асарларининг ҳам ўз ўрни бор.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА