Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан бирини намоён этади. Абдулла Орипов шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матнининг муаллифидир.
Тадбирда Абдулла Орипов жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ҳам самарали меҳнат қилгани таъкидланди.
Устоз шоир А.Ориповнинг ижод лабораторияси ўзбек халқининг ўтмиши, руҳияти, миллий қадриятларнинг бетакрор суратларини акс эттирувчи қалб кўзгуси, миллат дарсхонасидир. Унинг қалб эҳтиёжидан туғилган, умуминсоний туйғуларни куйлаган асарлари ўзбекнинг жон томирлари бўлиб, дунё халқларини бирлаштириш ва яқинлаштиришдек улуғ вазифани адо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори халқимиз, адабиёт мухлисларини қувонтирди.
А.Орипов ижоди нафақат ўзбек халқи учун, балки дунёдаги барча туркий халқлар учун эъзозли ва қадрлидир. Унинг жаҳон адабиёти хазинасига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган, кўнгилларга ўзгача завқ бахш этиш қудратига, ҳар қандай ёшдаги китобхонни ўзига ром қилиш салоҳиятига эга асарлари ўзбек халқининг овози бўлиб, сайёрамиз бўйлаб янграмоқда. Улар Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ўзбеклар учун ҳам дахлдор бўлиб, бу мунаввар асарларнинг халқларни бирлаштириш ва яқинлаштиришдаги хизматлари беқиёс. Зеро, кейинги йилларда жаҳон тамаддунига бешик бўлган ўзбек халқи, қадимий ўзбек тили, тарихи, маданияти, адабиёти ва санъати дунё ҳамжамиятини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қизиқтирмоқда.
Тадбирда Абдулла Орипов шеъриятининг тарбиявий жиҳатлари, маънавий-маърифий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Абдулла Орипов ҳақида хотиралар ёдга олинди. Шоирнинг Ватан, истиқлол, миллий ўзлик, инсонийлик ҳақидаги шеърлари ўқилди. Унинг сўзлари билан айтилувчи дилрабо қўшиқлар янгради.
Н.Усмонова, ЎзА