Мен ҳам журналист бўламан
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов Урганч давлат университетининг шундай номланган ижодий тўгарагидаги талаба-ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Ижодий руҳда, очиқ ва самимий ўтган тадбирда Ўзбекистон журналистикасининг етук вакиллари, вилоятнинг таниқли ижодкорлари ҳам иштирок этди.
Мулоқотда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда медиа соҳасидаги фаоллигини ошириш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.

Шуҳрат Орипов Журналистлар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар, турли танловлар, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда замонавий медиа макондаги долзарб масалалар ҳақида атрофлича маълумотлар берди.

– Миллий журналистикамиз, соҳадаги бугунги ислоҳотлар ва ижодий жараёнлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, “Ижод учун энг яхши давр – ҳозир” дея айта оламан, – деди Шуҳрат Орипов. – Ушбу жараёнларда хоразмлик қалам аҳлининг ўрни ва салмоқли ҳиссасини алоҳида эътироф этишим лозим. Айниқса, шу ҳафтада вилоятда ўтказилган “Медиа ҳафталик” доирасидаги лойиҳалар воҳа ижодкорлари учун ўзига хос тажриба мактаби бўлди. Бугунги шиддат билан ривожланаётган янги давр журналист бўлишни орзу қилган ёшлар учун ўз иқтидорини намоён этишда кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Тадбир давомида журналистика соҳасида муваффақият қозониш учун ёшлар доимий изланиши, кўп китоб ўқиши ва хорижий тилларни пухта эгаллаши зарурлиги таъкидланди.
Университетда фаолият юритаётган “Мен ҳам журналист бўламан” тўгарагини янада ривожлантириб, клуб даражасига олиб чиқиш бўйича муҳим тавсиялар билдирилди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири