Мен бахтлиман! Иккинчи умр берилди (+видео)
Ўш вилояти Новқат туманида туғилганман. 1990 йили Қирғизистондан Тошкент давлат университети, ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетига олтин медаль олганим учун битта имтиҳон билан қабул қилинганман. 1993 йили турмушга чиқиб, Фарғонага кўчиб келдик. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганман.
Лекин 2014 йилда сиз паспорт тўғрисида қонун чиққан пайтда университет ётоқхонасида яшаган экансиз, дея фуқаролиги бўлмаган шахслар учун гувоҳномани қўлимга тутқазишди. Бу гувоҳнома билан сайлаш, сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдим. Яна бу ҳужжат билан чет элга чиқиш мумкин эмас эди. Мен ҳаттоки ўзим туғилган жойим, она қишлоғим, ота уйимга ҳам бора олмасдим. Чегараларда муаммолар бор, қўшничилик муносабатлар ҳам яхши эмас эди ўшанда. Улар ҳам келиша олмасди. Кимнингдир тўйи бўлса, илтимос, телеграммангизга онамнинг исм-фамилиясини ҳам қўшиб қўяйлик, деган ўтинч билан тўй қилаётган хонадонига борардим. Зора онам ёки қайнонамни шу тўй баҳонасида кўриб олсам, деб. Фақат телеграмм орқали келишга рухсат берилган даврлар ҳам бўлди.
Энг қизиғи, Қирғизистонга, менинг онамни кўргани ҳамкасбим, қўшним, барча ўзбекистонлик бориб келиши мумкину, аммо менга манъ этилганди. Аслида фуқаролиги бўлмаган шахсларга бериладиган бу гувоҳнома мен каби бошқа давлатиларда туғиладиган инсонларга бериларди, аммо ўша давлатга бориш қийин масала эди.
Етти йил яқинларимни кўриш бахтидан мосуво бўлдим. Отамнинг боғида қизил олмалар пишди, мен бора олмадим, узиб ея олмадим. Укаларим, сингилларимни кўра олмадим. Қайнонам инсульт бўлиб тўшакка михланиб қолганида етолмадим. Фақат дуо қилдим. Мен боргунимга қадар икки онамни саломат қилгин, омон сақлагин деб.
Фуқаролик берила бошланганида ўша инсонлар ҳақида лавҳа, материал тайёрлаш учун атайин ўзим борардим. Ҳам юқсин-юқсин учун, ҳам уларнинг дардини, улар кечирган азобларни яхши ҳис қилардим. Йигирматалик рўйхат чиқишни бошлади аввалига, қайси бахтли инсонлар бу рўйхатга кирди экан, деб интернет қарардим. Зора, менинг ҳам исм, фамилиям чиқиб қолса, деб.
2019 йилни, Янги йилни кутдим жуда интиқлик билан. Шу янги йил менинг йўлларимни очишига ишонардим. Ниҳоят, мен кутган кун келди. 1 январь куни, ҳамма дам оладиган вақтда менга қўнғироқ бўлди ва паспортим чиққанлигини, олиб кетишим мумкинлигини айтишди. Биласизми, паспорт столига учиб келдим. Паспортни олдиму онамни кўргани бордим.
Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар, янгиликлар, яхшиликлар ҳақида гап кетганда, мен каби она уйига бора олмай эзилганларга янги ҳаёт бағишланди, деган бўлардим. Иккинчи умр берилди, деган бўлардим. Мен каби фуқаролиги бўлмаган шахсларга айлантирилганлар эса жуда кўп эди. Мана, бугун эмин-эркин, чегаралардан қийналмай уйга бориб келяпмиз. Бугун тўлақонли бахтлиман, дея баралла айта оламан. Бир қизим Германияда ўқияпти. Туркиядаги дилбандимни, Кореяга ўқишга кирган ўғлимни энди бемалол кўриб келишим мумкин. Менга дунё эшиклари чин маънода очилди. Мен бахтлиман!
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/wYMtqhMlQyQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Соҳиба Абдураҳмонова,
Фарғона вилояти телерадиокомпанияси катта муҳаррири