Мелихўжа обод масканга айланди
Йил аввалида Самарқанд вилоятидаги тўрт сектор ҳудудида биттадан маҳаллада “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этишга киришилганди. Жумладан, вилоят биринчи сектори бўйича Каттақўрғон туманининг Мелихўжа маҳалласида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошланганди.
Мелихўжа Каттақўрғон туманининг ҳудудий жиҳатдан энг катта ва олис, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан шароити оғир маҳалласи ҳисобланади. 1200 га яқин хонадонда 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 7155 гектарни эгаллаган маҳалла таркибида 5 та қишлоқ, 12 та кўча мавжуд.
Беш ой давомида олиб борилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари туфайли маҳалла замонавий кўринишга келтирилди. Янги ичимлик суви, электр энергияси тармоқлари тортилди, йўллар таъмирланди, бир нечта ижтимоий соҳа объекти янгидан қурилди, мавжудлари таъмирланди.
[gallery-17757]
Хусусан, ички кўчаларнинг 2,2 километр қисми жорий таъмирланди, 15 километр йўлга асфальт, 28 километр тупроқ йўлга тош ётқизилди, 2,2 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди. 2 та янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 14 таси капитал таъмирланди, 37 километр СИП кабеллар, 3,1 километр янги электр тармоғи тортилди. 730 та янги темир-бетон устун, асосий кўчаларга 84 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 3 та газ тақсимлаш пункти ва 2,8 километр газ тармоғи таъмирланди.
– Вилоят ҳокимлиги ва ҳомийлар кўмагида ўта оғир шароитда яшовчи, эҳтиёжманд 16 оиланинг тураржойи жорий ва капитал таъмирланди, 857 та хонадон таъмирланиб, ободонлаштирилди, – дейди Мелихўжа маҳалласи раиси Низом Худоёров. – 220 дан ортиқ хонадоннинг коммунал соҳа билан боғлиқ муаммоси ҳал этилди. Эътиборлиси, маҳалла учун янги бино қурилди. Маҳалла биноси ёнида хотин-қизлар учун тикувчилик цехи ташкил этилди.
Маҳалладаги битта умумтаълим мактаби мукаммал, учтаси жорий таъмирланди. Аҳоли учун тўртта спорт майдончаси ташкил этилди. Футбол майдони таъмирланиб, қарийб 2200 метр пиёдалар йўлаги қурилди. Мелихўжа қишлоғидаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қарийб 4 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий қиёфага, “Гулобод” оилавий шифокорлик пункти янгича кўринишга келтирилди.
Булардан ташқари, маҳаллада эркаклар сартарошхонаси, аёллар “Гўзаллик салони”, дорихона, озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони, чойхона ва бошқа савдо марказлари ташкил этилди. 26 гектар майдонда узумчилик боғи яратилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида 44 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 21 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 48 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 61 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди.
Маҳалла аҳолиси саломатлигини яхшилаш мақсадида 1702 киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 16 нафар фуқарога даволаниш учун вилоят шифохоналарига йўлланма, 9 кишига реабилитация-техник воситалари етказиб берилиб, 1,5 мингга яқин мелихўжаликлар бепул дори-дармон билан таъминланди. Ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 20 нафар фуқарога 471 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди, 17 нафарига 170 миллион сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди.
Маҳалладаги янги объектларнинг очилиши ва шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда вилоят ҳокими Э.Турдимов ва вилоят фаоллари, туман ҳокимлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими бунёдкорлик ишларида иштирок этган ва ҳисса қўшган ҳомийлар, қурувчи, пудратчиларга миннатдорчилик билдирди. Юртимизда инсон қадрининг улуғланаётгани, қишлоқлар аҳолиси учун шаҳардагидан кам бўлмаган шароит яратишга эътибор берилаётгани ва бу ишлар давом этишини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари