Мексиканинг собиқ президенти вафот этди
1970-1976 йиллар Мексика Президенти бўлган Луис Эчеверрия Альварес 100 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу хабарни мамлакатнинг амалдаги етакчиси Андрес Мануэль Лопес Обрадор ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ошкор қилган.
"Мексика ҳукумати номидан олти йил давомида - 1970 йилдан 1976 йилгача Мексика Президенти лавозимида ишлаган Луис Эчеверрия Альвареснинг оиласи, дўстларига чуқур ҳамдардлик билдираман", - деб ёзган Лопес Обрадор.
ОАВ хабарига кўра, сиёсатчи Морелос штати Куэрнавака шаҳрида, ўз уйида жон берган. Ҳодиса сабаби ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Эчеверрия Альварес Мексиканинг Институция-революция партияси (PRI)да лавозим пиллапояларидан кўтарилган ва 1969 йилдаги сайловда президентликка номзодини қўйган. Шу воқеадан 6 йил олдин у мамлакат Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган.
Бошқарув даври 1968 йилдаги намойишчилар шафқатсиз ўққа тутилиши даврига тўғри келганлиги сабабли Эчеверрия шахсига муносабат турлича. Давлат иқтисодиётини юксалтиришдаги ютуқлар авторитар тизимга асосланган бошқарув, сиёсий рақобатчиларга қарши "нопок кураш" олиб борилиши билан аралашиб, бир-бирига зид тасаввур уйғотади. 2006 йилда марҳум етакчи геноцидла айбланди ва тўлиқ оқлангунга қадар уч йил уй қамоғида ўтирди.
Эчеверрия рок мусиқага қарши «уруш» очган шахс сифатида ҳам тарихда қолган. 1971 йили 300 минг киши қатнашган фестивалда мусиқачилар ҳукуматга қарши руҳда чиқиш қилишади. Шундан сўнг давлат раҳбари рок йўналишига нисбатан радио орқали эфирга узатиш, йирик саҳналар ва клубларда концерт уюштиришга тақиқ қўяди. Фақат Альварес президентлик курсисини тарк этгандан кейингина ушбу чекловлар олиб ташланади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА