Меҳр ва саховат йўлидаги ҳамкорлик
«Адолат» СДП Марказий аппарати Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 106-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга болажон!» шиори остидаги байрам тадбири ва Тошкент шаҳри бўйлаб автобусларда саёҳат ташкил этилди.
Тадбирда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Марказий аппарат жамоаси, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи полковник Рафиқжон Жалилов бошчилигидаги масъул ходимлар, мактаб-интернат ўқитувчилари жамоаси ва албатта мактаб тарбияланувчилари иштирок этди.
Учрашув бошида Тошкент бўйлаб саёҳатга чиқиш олдидан болажонлар устозлари, сурдопедагог Муниса Қодирова раҳбарлигида байрам концертини намойиш этишди.
Партия ходимлари ва тадбирнинг бошқа иштирокчилари заиф эшитувчи, гапиришга қийналадиган болажонларнинг ҳар бир куй-қўшиққа жўр бўлиб, уни ижро этишларини ҳаяжон ва кўз ёшлари билан кузатишди.
Тадбир давомида болаларнинг вақтларини мазмунли ташкил этиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари билан яқиндан таништириш мақсадида, Яшнобод туманида жойлашган «Уч авлод» боғида полковник Рафиқжон Жалилов бошчилигида ЙҲХХ ходимлари болажонлар учун махсус ўқув машғулотлари ўтказди. Унда болажонларнинг ўзлари тенгдошлари учун йўл кузатувчиси сифатида йўл кўрсатиб туришди.
Машғулотдан сўнг, болалар қалбига янада кўпроқ қувонч улашиш истагида тадбир ташкилотчилари «Анҳор-локомотив» маданият ва истироҳат боғига ҳам сайр уюштиришди. Боғдаги аттракционларда мароқли ҳордиқ чиқарганларидан сўнг болажонлар байрам дастурхонига таклиф этилди. Дастурхон атрофида ўтирган барча тарбияланувчиларга партиянинг байрам совғалари тарқатилди.
Насиба Элибекова,
ЎзДЖТУ талабаси