Меҳр ва эътибор тақдирларни ўзгартиради
Қарор ва ижро
Бола дунёга келганидан бошлаб то вояга етиб, улғайгунча ота-онасининг қарамоғида бўлади, тарбиясини олади. Тақдирнинг турли синовлари бор. Шундай ҳолатлар бўладики, болалар ота-оналари қарамоғидан маҳрум бўлади. Улар шундай вақтда қўллаб-қувватлов, меҳрга эҳтиёж сезади.
Юртимизда ана шундай болаларга кўмак бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Меҳрибонлик уйларини тамомлаётган болажонларимизнинг йиллар давомида бошпана топиш муаммоси қийнаб келаётган ва энг катта ташвишга солаётгани уйсизлик эди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 9 августда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юксак эътибор ифодаси бўлди. Унда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича қамраб олинган.
Мустақил мамлакатимизда ота-оналарининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга доимий ғамхўрлик давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги беш йил давомида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш масалаларига янада устувор аҳамият берилгани сабабли, йиллар давомида ечилмай келаётган муаммолар бартараф этилиб, болажонларимиз ўз уйларига эга бўлмоқда.
Мазкур қарор билан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болажонларимизни уй-жой билан таъминлашнинг аниқ ечими ва тартиблари белгилаб берилган.
Қарорга асосан, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.
Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилиниши, тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида мазкур бандда назарда тутилган мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан, квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади.
Шу билан бирга, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади, бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ва навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Қарорнинг ижроси кўплаб болалар қалбида инсонийлик, бағрикенглик ва ўз юртига садоқатни шакллантиради. У ўзининг етим эмаслиги, орқасида тоғдек отаси – Президентимиз борлигини ҳис этиб яшайди.
Дилбархон Мамажанова,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
ЎзА