Меҳр ва эътибор истаган қалблар мамнун
Ҳар йили нишонланадиган Халқаро ногиронлар куни Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Байрам муносабати билан ўксик қалбларга шодумонлик, юқори кайфият улашилди.
Наманган шаҳридаги Шаршара маҳалласи ҳудудида жойлашган, кўзи ожиз кишилар истиқомат қиладиган уйлар икки қаватли бўлиб, абгор ҳолга тушиб қолганди. Вилоят ҳокимлигининг саъй-ҳаракати сабаб ушбу турар-жой масканларига ҳам эътибор қаратилди. Бунинг натижасида мавжуд 36 та хонадон ҳомийлар кўмагида тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва ўз эгаларига топширилди.
"Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси Наманган вилояти ҳудудий филиали буюртмачилиги асосида мазкур кўп хонадонли уйларнинг том, фасад қисмини таъмирлаш учун 440 миллион сўмга яқин таъмирлаш ишлари бажарилди.
Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов имконияти чекланган кишиларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар энг аввало, Президентимизнинг халқни рози қилиш борасида юритаётган кенг қамровли ислоҳотларининг юксак самараси маҳсули эканлигини қайд этди.
Кўп хонадонли уйлар мукаммал таъмирланди. Уйларнинг олд қисмида болалар майдончаси ташкил этилди. Тўй ва маросимлар ўтказиш учун майдон тайёрланди, уй бекалари учун тандирхона ҳам қурилди. Асосийси, барча замонавий коммуникация тармоқлари, энерготежамкор иситиш жиҳозлари, акфа эшик ва ромлар ўрнатилиб, яшаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.
– Бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган юртда яшаётганимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди хонадон соҳибларидан бири Заҳрохон Тўлашева. – Бугунги сана бизнинг оила учун унутилмас бўлиб қолади. Қишда совуқ, ёзда исиб кетадиган, кўримсиз ҳолга келиб қолган уйларда яшашга мажбур эдик. Қисқа фурсатларда амалга оширилган таъмирлаш ишларидан кейин истиқомат жойимиз гази, свети, суви бир маромдаги шинам ва кўркам уйга айланди.
Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ даҳасида Кар-соқовлар жамияти вилоят бўлимининг очилиши ҳам бўлиб ўтди.
Жамият аъзоларини бир жойда жамлайдиган, улар учун барча қулайликларга эга бўлган кўркам идора йўқ эди. Мавжуд бино эса талаб даражасига жавоб бермай қолганди. Маънан эскириб кетган бино ўрнида шаҳар ҳокимлиги ва қурувчи ташкилот, ҳомийлар саъй-ҳаракати билан янги, замонавий идора қад ростлади.
Махсус китоблар, турли керакли адабиётлар билан таъминланган алоҳида кутубхона ҳам ташкил этилди.
Янги Наманган туманидаги “Диёр” тантаналар мажмуасида сана муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Вилоятда айни пайтда 65 нафардан зиёд ногиронлиги бор инсонлар мавжуд. Уларнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши, ўқиши ва меҳнат қилиши, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар бор.
Хусусан, вилоятдаги мавжуд турар жойларни, маъмурий хўжалик ишлаб чиқариш биноларини спорт ва маданий иншоотларни, жамоат транспортлари ва бошқаларни ногиронлар учун махсус мосламалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йил давомида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан 344 нафар ногиронлиги бор шахсга ногиронлик аравачаси, 76 нафарига эшитиш мосламаси, 169 нафарига қўлтиқ таёқ, 208 нафарига ҳасса, 236 нафарига соғломлаштириш масканларига йўлланмалар, 47 нафарига уй-жой, 34 нафарига уй-жойларини таъмирлашда кўмак, 634 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.
Жорий йилда ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида 5 та, Олий мажлис ҳузуридаги жамоат фонди грант танловларида 5 та, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант танловларида 3 та, жами 13 та грант маблағларига эга бўлди. Ажратилган 410 миллион сўм эса лойиҳаларни амалга ошириш асносида ННТларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланади.
“Қишлоқ ичимлик сув таъминоти” МЧЖ томонидан ногиронлиги бор шахсларни сув таъминотидан бўлган қарздорлигини қоплаш мақсадида қишлоқларда яшовчи шу қатламдаги 483 кишининг 59 миллион 409 минг сўмлик қарздорлиги қоплаб берилди.
[gallery-4949]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА