Адлия вазирлиги ташаббуси билан республикамизнинг барча вилоятларида «Меҳр улаш» шиори остида донорлик акцияси ўтказилмоқда.
Сирдарёда ўтказилган донорлик акциясида ҳам адлия ходимлари фаол иштирок этди.
– Беғараз қон топширувчилар сафида адлия ходимларининг борлиги бизни янада қувонтиради, – дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси донорлик бўлими мудири Маҳбуба Алиқулова. – Сўнгги йилларда аҳоли орасида гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган беморлар сони тобора ошиб боряпти. Шунга яраша қон компонентларига бўлган талаб ҳам. Бунинг олдини олиш ва уларга ёрдам кўрсатишда донорларнинг ўрни ниҳоятда катта. Улар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бу акцияда иштирок этишди.
Акция доирасида олинган қон вилоят қон қуйиш станциясида лаборатория текширувларидан, 8 турдаги таҳлиллардан ўтказилгач, қон ва қон маҳсулотларига муҳтож беморларга етказиб берилади.
Маълумотларга кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур.
Бу эса, қон компонентларига эҳтиёжи юқори бўлган беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, умр кўриш кўрсаткичини узайтириш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири