Меҳр-саховат, шукроналик ва бағрикенглик кенг қулоч ёзмоқда
Муборак Қурбон ҳайити Сурхондарё вилоятида халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кенг мужассам этиб, эҳтиёжманд оилалар, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган болалар қалбига бир олам қувонч улашмоқда.
Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Айни пайтда вилоят онкология диспансерида даволанаётган 15 ёшдаги М. Шодиқулова остеосаркома — суяк саратони касалидан азият чекаётган эди. Унда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун моддий имконият етмагани сабабли бу иш бир неча ойдан буён ортга сурилди. Улуғ айём арафасида унда бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланди. Бундай эътибор қизалоқнинг яқинларига бир олам севинч улашди. Мунисанинг бахтли ҳаётга ишончи ошди. Термиз шаҳридаги Жайхун маҳалласида истиқомат қилаётган Н.Исматиллаева юрак порогига чалинган. Унинг операцияси ҳам турли сабаблар билан кечикиб келаётган эди. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун унга ваучер берилди. М. Хақназарова болаликда кучли шамоллаб, нафас йўллари яллиғланган. Вақт ўтиши билан бурнида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати пайдо бўлган. Кўп йиллардан буён унга азият бериб келаётган бу касаллик давлатимиз ғамхўрлиги билан чекинадиган бўлди.
[gallery-29649]
Миллий қадриятларимиз қайта бўй кўрсатиб, инсон қадри улуғланаётган юртимизда улуғ Қурбон ҳайити фақат диний айём эмас балки меҳр-оқибат, янги орзу-умидлар ва миллатимизга хос хайру саховат, савобли амаллар байрами сифатида ҳам кенг намоён бўлмоқда.
Вилоятнинг Бандихон туманида ҳам бундай эзгу ишлар кенг қулоч ёзиб, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 11 нафар болажонга бепул даволаниб, жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун ваучерлар топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз яшовчи 456 оилага 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Қутлуғ айём арафасида Ангор туманида“Ижтимоий реестр”нинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган хонадонлар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар қўллаб-қувватланиб, уларнинг байрамни муносиб ўтказишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда туман ҳокимлигига ана шу тоифадаги 700 оила вакиллари таклиф этилиб, озиқ-овқат маҳсулоти жамланмалари тарқатилди.
Хайрия тадбирида туман ҳокими Қосим Мардонов уларни муборак Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, сиҳат-саломатлик, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик тилади.
Вилоятда меҳр-оқибат ва инсонпарварликка йўғрилган саховат тадбирлари давом этаётир. Шунингдек, муқаддас қадамжолар, масжидлар ва қабристонлар ободонлаштирилиб, аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
Жонибек Қўзимуродов (сурат),ЎзА мухбири