Меҳр-оқибат, саховат байрами
Айни дамларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Янги йил байрами шукуҳи ҳукмрон. "Обод хонадон"," Обод кўча", "Обод маҳалла" мезонлари асосида обод ва файзли гўшаларга айланган маҳаллаларда ҳам янги йил кўтаринки руҳ, ўзгача тароват билан кутиб олинмоқда.
Икки кундан буён Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилган Боёвут туманидаги Тинчлик, Ховос туманидаги Оқчангал, Гулистон туманидаги Иноқлик, Сайхунобод туманидаг Янги ҳаёт,Оқолтин туманидаги Мустақиллик маҳаллаларида бўлиб, бир гуруҳ нуронийлар ва фаоллар билан учрашди. Улар билан суҳбат қуриб, Янги йил байрами билан қутлади.


Ушбу маҳаллаларда умргузаронлик қилаётган юз ёшдан ошган пиру бадавлат отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб,маҳалла болажонларига байрам совғалари улашилди.
Кириб келаётган Янги 2024 йилда юртимиз тинч, халқимиз янада фаровон, ишимизда унум ва барака бўлишини тилаб дуолар қилинди.


Бундан ташқари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлари бошчилигида ташкил этилган гуруҳлар шифохоналарда даволанаётган, уйларида ётиб қолган беморлар, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли хонадонларига бориб уларга озиқ-овқат маҳсулотларини топшириб, Янги йил билан табрикламоқда.

Мухтасар айтганда, Сирдарё воҳасида Янги йил байрами меҳр-оқибат, саховат байрамига айланиб кетди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбирлари