Меҳр-мурувват тадбирлари давом этмоқда
Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия тадбири ўтказилди.

Унда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Д.Пардаев мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 30 ноябрдан юртимизда меҳр-мурувват ойлиги ўтказилмоқда – дейди Д.Пардаев. – Ойлик доирасида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу албатта, имконияти чекланган инсонларнинг кўнглини шод этиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга хизмат қилади. Айниқса, куни кеча Президентимизнинг ўз мурожаатида бизга қарата айтган “сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз” деган сўзлари барчамизга ўзгача руҳ бағишлади.

Тадбирда ногиронлиги бўлган ўттиздан ортиқ фуқарога ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ҳамда бошқа зарур воситалар, эсдалик совғалари топширилди.

Шу ернинг ўзида хайрия марафонига старт берилиб, корхона ва ташкилотлар, саховатпеша инсонлар мазкур тадбирга ўз ҳиссасини қўшди.
Театрда ногиронлиги бўлган фуқаролар учун спектакль намойиш этилди. Шунингдек, Самарқанд халқаро туристик маркази “Боқий шаҳар” мажмуасига саёҳат уюштирилди. Тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ёзилди.

Сана муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ҳамда эҳтиёжига кўра бошқа турдаги маҳсулотлар тарқатди.
Жумладан, Пастдарғом туманидаги Туркман маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Х.Шомуротовага туман прокуратураси билан ҳамкорликда ногиронлик аравачаси берилди.

Вилоят молия бош бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳридаги Саховат уйида яшовчи 150 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун байрам тадбири ташкил этилди. Шунингдек, уларга эсдалик совғалари улашилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА