Меҳр бор жойда — эзгулик бор
Бухоро шаҳридаги “Янгиобод” маҳалласида ободонлаштириш ойлиги доирасида нафақат кўчалар ва хонадонлар, балки инсон қалбига ҳам эътибор қаратилмоқда. Эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг хонадонлари ободонлаштирилмоқда. Бу ишлар замирида эса халқ билан бирга бўлиш, инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсад мужассам.
Инсонга эътибор — жамият тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири. Кейинги йилларда мамлакатимизда, айниқса, давлат раҳбари ташаббуси билан аҳолига, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун бу эзгу мақсадлар маҳаллалардаги оддий, аммо қалбга яқин амалий ишлар орқали намоён бўлмоқда.
Маҳаллада айни пайтда 6 334 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 151 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 3 нафари эса ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалардир.
Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Мадинабону Ниғматованинг ташаббуси билан ташкил этилган волонтёрлик гуруҳи ана шундай инсонларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда.
Волонтёрлар хонадонларни ободонлаштириш, ҳовлиларни тартибга келтириш, майда таъмирлаш ишларини амалга ошириш, ҳудудларни тозалаш, дарахт ва гул кўчатларини экиш каби хайрли ишларни мунтазам амалга оширмоқда.
Бир қарашда оддийдек туюлган бу ишлар аслида кимнингдир кўнглига қувонч, хонадонга файз, ҳаётга умид олиб киради. Айниқса, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, улар билан суҳбатлашиш, дардини тинглаш, маънавий далда бериш ва кундалик эҳтиёжларида кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Волонтёрлик гуруҳи “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи ёлғиз кекса, ногиронлиги бўлган фуқаро Нигора хола Батирова хонадонида бўлди.
Хонадонда ободонлаштириш, тозалаш ва тартибга келтириш ишлари амалга оширилди. Бу ерда қилинган ҳар бир иш фақат ҳовлини обод қилиш эмас, балки ёлғиз инсоннинг қалбига эътибор кўрсатиш, унинг ўзини жамиятнинг бир қисми сифатида ҳис қилишига кўмаклашишдек эзгу мақсадга хизмат қилди.
Нигора холанинг ҳолидан шу кунга қадар ижтимоий ходим ҳам мунтазам хабар олиб келмоқда. У ёлғиз яшовчи кексалар рўйхатига киритилган ҳамда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида зарур хизматлар билан қамраб олинган. Шунингдек, унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, бепул дори-дармонлар етказиб берилган. Фуқаронинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолмаслиги учун маҳаллада ўтказилаётган маърифий ва маданий тадбирларга жалб этиб борилмоқда. Инсон руҳиятига эътибор ҳам четда қолмаяпти. Нигора холанинг руҳий ҳолатини яхшилаш мақсадида психологик ёрдам кўрсатилган. Ҳайит байрамлари муносабати билан эса унга бир марталик моддий ёрдам ажратилган.
“Янгиобод”даги бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, бу ерда ободонлаштириш тушунчасига кенг маъно берилмоқда. Кўча ва ҳовлиларни тозалаш билан бирга, инсон қалбига меҳр, эътибор ва ишонч олиб кирилмоқда.
Зеро, ҳақиқий ободлик фақат текис йўллар, яшил майдонлар ёки файзли хонадонлар билан ўлчанмайди. Энг катта ободлик — инсоннинг ўзини қадрли ва керакли ҳис қилишида.
Бугун волонтёрнинг бир соатлик меҳнати ким учундир оддий юмуш бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ёлғиз кекса учун бу — кутиб олинган меҳмон, самимий суҳбат, узатилган қўл ва “Сиз ёлғиз эмассиз” деган беқиёс далда.
Мана шундай кичик, аммо юксак маъноли ишлар орқали маҳаллада меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик муҳити мустаҳкамланмоқда.
Обод маҳалла — обод хонадондан, обод хонадон эса меҳрли қалбдан бошланади. “Янгиобод”да амалга оширилаётган бу хайрли ишлар эса инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ташаббусларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири