Меҳнатингиз роҳат бўлсин, қадрли қишлоқ аёллари!
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўрмон хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган аёллар учун ташкил этилган тадбир шундай номланди.

Тадбирда республикамизда гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, жамиятда хотин-қизларнинг ролини оширишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Оҳангарон ўрмон хўжалигида меҳнат қилаётган аёллар фаолияти, уларга берилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, соҳани ривожлантириш ҳамда оилани мустаҳкамлашда аёлларнинг ўрни ва роли катта экани алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда бир гуруҳ фаол хотин-қизларга Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари улашилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги йиғилишида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб расман эълон қилинган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА