Меҳнатда ҳикмат кўп: томорқадан ўртача 70 миллион сўм соф даромад
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар сони анчагина. “Сарвиноз Машҳура шод дил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сарвиноз Ғофуржонова ёш бўлсада ўз олдига катта мақсадлар қўйган. У ўтган йилда “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиб, 200 дан зиёд хотин-қизларни доимий иш билан таъминлади.
Йиллик 650 минг донадан зиёд тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона лойиҳаси тадбиркорнинг 5 миллиард сўм ўз маблағлари ҳамда 1 миллиард сўм банк кредити ҳисобидан амалга оширилди. Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга ҳозирданоқ Россиянинг йирик савдо тармоқларидан буюртмалар келиб тушмоқда.
– Биргина ўтган йилда туманимизда мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ишга туширилди, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Камолиддин Умаров. – “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 641 нафар фуқароларга 14,7 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Саноат йўналишида 13 та лойиҳа асосида қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратилди. 281 нафар фуқароларга 842 миллион сўм субсидия маблағ ажратилди. Эндиликда маҳаллаларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари бу каби ишларда аҳолига яқиндан кўмак бермоқда.
[gallery-5409]
Маҳаллаларда “ўсиш нуқталари” аниқланиб, манзилли дастурларни ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда. Туманнинг ҳар бир маҳалласида томорқадан фойдаланишда яхши тажриба тўпланган. “Заркент”, “Янгийўл”да лимончилик, “Яккатут”, “Варзак”да қалампир, булғор кўчатлари етиштириш йўлга қўйилган. “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғинида 460 та хонадон бўлиб, уларнинг 200 тасида иссиқхона бор. Бу маҳаллада тўрт мавсумда ҳам бекорчи кишини учратмайсиз. Аҳоли ўз томорқасидаги кафтдек ердан мўмай даромад олмоқда. Маҳаллага ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган Муҳриддин Ботиров ҳар бир хонадондаги томорқадан самарали фойдаланиб, иссиқхоналарни ташкил этиш ҳаракатида. Томорқа ҳудуднинг асосий “драйвери” сифатида белгиланмоқда. Бунда омилкор оилаларнинг тажрибалари муҳим ўрин тутади.
Хосиятхон ая Олимова хонадонига барча ҳавас билан қарайди. Томорқасидаги иссиқхоналарда кашнич, укроп, исмалоқ, редиска етиштирилмоқда, шу билан бирга қалампир, булғори кўчатлари парваришланмоқда. Кенжа фарзанди Нуриддин бу ишларнинг ҳақиқий миришкори. Унинг айтишича, ҳозирда 10 минг дона кўчатлар сотувга тайёр. 42 квадрат майдонда ўртача 9 миллион сўмлик кўчат етиштириш мумкин экан.
–Ўтирган одам ўтираверади, меҳнатда ҳикмат кўп, – дейди Хосиятхон ая. – Ишласангиз уйда ҳам барака бўлади. Мана кўриб турибсиз, томорқамизда бирор бўш жой йўқ. Ҳар бир маҳсулотимизнинг харидори бор. Уйдан ўзлари олиб кетишади. Мазкур оила бир йилда томорқадан ўртача 70 миллион сўм соф даромад олмоқда. Албатта, бу меҳнат самараси. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар яна қулоч очиб, ҳар бир маҳалла ўзининг ривожланиш “драйвери” га эга бўлади.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА