Меҳнат ярмаркасида юзлаб ёшлар ишли бўлди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳарида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда мазкур ҳудуд миқёсида илк бор Тошкент шаҳридаги ўндан ортиқ бир қатор йирик ишлаб чиқариш компаниялари ва Ангрен шаҳридаги 20 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ўз навбатида 51 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Темир дафтар”, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар ва ишсиз аҳоли таклиф этилди.
Тадбир давомида ишсиз фуқароларга шаҳар ҳудудидаги корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари, мавжуд квота ва меҳнат қилиш билан боғлиқ бўлган тушунтиришлар берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шаҳарда 1 минг 218 нафар ишсиз ёшлар бўлиб, ярмарка давомида 500 дан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Қолган ёшларни эса тадбиркорлар фаолиятига бириктириш ҳамда босқичма-босқич иш билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади.
Ўз навбатида корхона ва ташкилотлар томонидан 1 минг 46 та бўш иш ўрни таклиф этилган бўлиб, 970 нафар фуқаро ишлаш истагини билдирди. Жами 2000 тадан ортиқ анкеталар тўлдирилди. Улардан 100 га яқини шу жойнинг ўзида ишга қабул қилинди. Қолган анкеталар иш берувчи ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиб, ундан соҳавий мутахассислиги бўйича тўғри келадиганлари ишга қабул қилиниши маълум қилинди.
– Анчадан бери муқим бир ишга жойлашолмаётган эдим, – дейди Чинор маҳалласида яшовчи Шохрух Абдураимов. — Бугунги меҳнат ярмаркасида “Тошкент сув таъминот" масъулияти чекланган жамияти томонидан таклиф этилган бўш иш ўринларини кўриб чиқиб, назоратчи бўлиб ишга жойлашдим. Мутахассислар менга соҳа ҳақида, ойлик ва бошқа шароитлар юзасидан қисқача тушунчалар берди.
Бугунги кунда Ангрен шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Масъул ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари ва учрашувларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА