Меҳнат ярмаркаси – имконият
Навоий вилояти Навбаҳор тумани 2-сектор ҳудудида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва туман прокуратураси ҳамкорлигида иш топишда қийналаётган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда тумандаги 32 та давлат ташкилоти 48 та, 2-сектор ҳудудидаги 9 та МЧЖ ва хусусий корхоналар 21 та ва 17 та фермер хўжаликлари 35 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Дастлаб тадбирокорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлар, туманда фаолият олиб бораётган хусусий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларнинг фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди.

Ярмарка доирасида фуқароларнинг талаби ва мутахассислиги бўйича йўлланмалар берилди. Жумладан фуқаро Р.Қобуловага туман тиббиёт бирлашмасига хўжалик бекаси, С.Ҳасановага 16-умумтаълим мактаби тарғиботчиси, Г.Абдураҳмоновага 6-мактабгача таълим ташкилотига ёрдамчи тарбиячи, Ў.Қувондиқовга Сув хўжалиги ва мелиорация техникумига ўқитувчи лавозимига йўлланма берилди. Бундан ташқари 10 та фермер хўжалигига 24 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ярмаркада иштирок этаётган фуқаролардан 63 нафари хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

Абдували Бўриев, ЎзА