
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят кенгаши томонидан Оқолтин туманидаги “Индорама-Агро” МЧЖ –хорижий инвесторлар иштирокидаги корхонада 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан тадбир – “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят кенгаши раиси Рустам Турсунмуродов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг бўлим мудири Маҳмуджон Исаев ҳамда соҳадаги мутахассислар иштирок этди. Улар ўз чиқишларида меҳнат муҳофазаси соҳасида мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш орқали иш жойида хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг турли иқтисодий тармоқларидаги ишчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, меҳнат муҳофазасини янада мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Айни пайтда Сирдарё вилоят касаба уюшмалари федерацияси томонидан иш вақтида шикастланган ходимлар учун суғурта компаниялари ва иш берувчилар томонидан 561 миллион сўмдан ортиқ маблағлар ундирилишига эришилгани қайд этилди.



Тадбирнинг иккинчи қисмида “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида ўтказилаётган республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари номлари эълон қилиниб, танлов комиссиясининг якуний хулосаларига асосан турли номинациялар бўйича ғолиб бўлганлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши ҳамда ҳомий ташкилотларнинг 1- ,2-, 3- даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири