Меҳнат миграцияси заруратми ёки имконият?
Миграция ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга хорижга ишлаш учун кетаётган юртдошларимиз, аэропортлардаги кузатувлар, оиласини вақтинча тарк этаётган ота-оналар ва ёш йигитлар, хориждан келаётган пул ўтказмалари келади. Аммо миграция фақат шундан иборат эмас. Унинг замирида меҳнат бозори, инсон капитали, оила фаровонлиги, демография ва мамлакат иқтисодиёти билан боғлиқ жараёнлар мужассам. Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг барча мамлакатлари бу жараённинг объекти ёки субъекти ҳисобланади.
Жумладан, мамлакатимизда ҳам миграция жараёнлари жадал тус олмоқда. Сабаби аҳоли сони йил сайин ошиб бормоқда ва бу, аввало, катта имконият. Ёш ва меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами – иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи катта куч. Ҳар йили юртимиз меҳнат бозорига юз минглаб янги ишчи кучи кириб келади. Лекин уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида юқори даромадли иш ўрни яратиб бериш осон эмас. Ана шундай шароитда меҳнат миграцияси иш бозоридаги талаб ва таклифни мувофиқлаштирувчи табиий механизмлардан бирига айланади. Бошқача айтганда, миграция фақат мамлакатда иш топа олмаган инсоннинг хорижга кетиши эмас, дунё меҳнат бозорида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш воситаси ҳамдир.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида 1,2 миллион нафар юртдошимиз меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, хорижий давлатларда тил ва касбий талабларга жавоб берадиган 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Бу энди иш изловчиларни шунчаки “хорижга ишга юбориш” эмас, балки халқаро меҳнат бозори талаб қилаётган мутахассисларни тайёрлаш, уларни кафолатли, юқори даромадли ишга жойлаштириш зарурати пайдо бўлди, дегани.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги фаолияти ана шу мезондан келиб чиқиб йўлга қўйилган. Агентлик олдига хорижга ишга бораётган юртдошларимизни касбга тайёрлаш ва тил ўргатиш, четда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалар юкланган.

– Хорижга ишлаш учун кетадиган фуқарони тил ва касбга тайёрлаш энг муҳим вазифалардан бири, – дейди Миграция агентлиги Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Лазиз Ибрагимов. – Чунки тил билган, касб-ҳунарга эга ва халқаро сертификат олган мутахассиснинг даромади ҳам, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти ҳам юқори бўлади. Бугун давлатимиз томонидан миграция географиясини кенгайтириш, фуқароларни анъанавий давлатларга эмас, юқори даромадли мамлакатларда ишлашга юборишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатлар ҳукуматлари ва миграция идоралари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Чунки дунёда меҳнат бозори ўзгармоқда. Илгариги оддий касбларнинг бир қисми автоматлашиб бораётган бир пайтда янги технологиялар, яшил иқтисодиёт, тиббиёт, муҳандислик, логистика ва рақамли соҳаларда янги эҳтиёжлар пайдо бўлмоқда, қўл меҳнатига асосланган касбларга талаб ошмоқда. Бу эса мавжуд меҳнат ресурсларимизни жаҳон меҳнат бозори талабларига мослаштиришни тақозо этади. Масалан, Германияда бугун 25 мингдан ортиқ ишчи-хизматчига эҳтиёж бор. Асосий талаб – немис тилини билиш ва таклиф этилаётган ишлар бўйича касб кўникмасига эга бўлиш. Франция эса қишлоқ хўжалик ишлари учун мутахассисларни ишга таклиф қилмоқда. Италиядаги ҳамкорларимиз ҳам тиббиёт соҳасида олий маълумотли ҳамширалар, шифокорлар ҳамда тез тиббий ёрдам ходимларини ишга қабул қилишини билдирган. Бу йил дастлабки олти нафар шифокор ушбу давлатга бориб, меҳнат фаолиятини амалга оширди. Бундан ташқари Корея, Россия, Беларусь, Словакия, Япония ҳамда Буюк Британия давлатлари билан ҳам келишувларимиз мавжуд ва уларнинг талабларига мос мутахассисларни танлаб, юборяпмиз.
Агентлик фаолиятида бунга алоҳида эътибор қаратилиб, хорижга ишга бораётган ҳар бир юртдошимизнинг маълум бир касб, мутахассисликка эга бўлиши, хорижий тилни билиши асосий талаб сифатида белгиланган. Масалан, Японияда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар 8 ой давомида, Германияга немис тилини B1 даражада биладиган ва халқаро сертификати бор автобус ҳайдовчилари 3 ой давомида “D” категориясига ўқитилмоқда. Ҳамширалар эса 10 ой давомида B2 даража сертификат олиш учун немис тилига тайёрланмоқда.
Швейцариянинг “Globogate Contept” AG корхонаси Агентлик билан бир неча йиллардан бери ҳамкорлик қилиб, ҳамшираларни немис тилига ўқитиб, B2 даража сертификатига эга фуқароларни Германияга иш билан таъминлаб келмоқда. Ўтган йилдан бошлаб Абу Али ибн Сино номидаги техникумларда талабалар 3 йил давомида Германия дастури бўйича таълим олиб, ҳам немис тилини ўрганмоқда. Техникумни муваффақиятли тамомлаган ҳамда немис тилида В2 даражани қўлга киритган талабалар Германияда ҳамшира сифатида иш бошлайди. Айни пайтда Самарқанд вилоятидаги 3 та – Абу Али ибн Сино номидаги Сиёб, Сўзангарон ҳамда Каттақўрғон техникумларида ушбу дастур асосида талабалар ўқитилмоқда. Ушбу дастурнинг 10 ойлик немис тили ўқув курсидан афзаллиги шундаки, бунда ҳамширалик мутахассислиги йўқ фуқаролар касб эгасига айланади, Германияга борганидан сўнг қўшимча ўқимайди ва меҳнат стажи талаб қилинмайди.
Хорижий давлатларда мавжуд иш ўринлари талабларига жавоб берадиган фуқаролар тегишли тартибда йирик хорижий корхоналар билан ҳамкорликда ўтказилаётган танловларга жалб қилинмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида ўндан ортиқ хорижий давлатнинг 47 та иш берувчи вакили билан ҳамкорликда 74 маротаба танлов ўтказилди ва бу тадбирларда 2,1 минг нафар номзод иштирок этди. Улардан орасидан 1,1 минг нафари танлаб олиниб, шу пайтгача 963 нафар фуқаро хорижда ишга жойлаштирилди.
Жумладан, 23 нафар юртдошимиз танлов орқали Германияга автобус ҳайдовчилигига юборилди. Уларнинг барча харажатлари иш берувчи ҳисобидан қоплаб берилди. Бундан ташқари, барча харажатларни ўз зиммасига оладиган Россия Федерацияси ва Беларусь давлатларидаги иш берувчилар филиалда ҳар ҳафта бўш иш ўринларга танловлар ўтказади. Олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар ушбу танловларда туман ва шаҳарлардаги камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларидан онлайн қатнашишлари учун ҳам шароит яратилган.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг Беларусь Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ Самарқанд вилояти ушбу давлатнинг Гродно вилояти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Унга кўра, Беларусда чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу лойиҳалар бўйича ишчиларни Самарқанддан жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Миграция ва касбий таълим агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик асосида бугунги кунда техникумларда фуқароларни касбга ўргатиш ва хорижий тилларни ўқитиш курслари ташкил этилган. Жумладан, Самарқанд шаҳар 3-техникуми қошидаги қурилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш марказида тўрт йўналиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ҳамда танловлардан муваффақиятли ўтиб, хорижга ишга юборилаётган шахслар учун бирламчи тайёрлов курслари фаолият кўрсатмоқда.
Марказ раҳбари Жасур Тўйчиевнинг қайд этишича, янги дастур асосида жорий йил 1 майдан ўқувлар бошланиб, 120 нафар тингловчи қурилиш соҳаси бўйича касб кўникмаларига эга бўлди ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритди. Улар ўқиш жараёнида миграция агентлиги томонидан хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилган танловларда ҳам қатнашган.
Бундан ташқари, марказда танловлардан муваффақиятли ўтиб, Кореяга ишга юбориладиган шахслар бирламчи тайёрлов курсида ўқимоқда.
– Агентлик томонидан ташкил этилган танловда қатнашиб, Кореядаги кемасозлик заводига ишлаш учун йўлланма олганман, – дейди сурхондарёлик Сардор Шайдулов. – Ишга кетиш олдидан марказга ўқишга чақиришди ва бу ерда Корея давлати ва унинг қонунчилиги, аҳоли турмуш тарзи, маданияти ҳақида тушунча беришяпти. Бу кўникмалар бизга Кореяга бориб ишлашимиз ва ўша юрт муҳитига тез мослашишимизга ёрдам беради, деб ўйлайман.
Миграция хорижга иш кетишгина эмас, агар тўғри бошқарилса, бу билим олиш, тажриба орттириш ва кенг имкониятларга эга бўлиб келиш демакдир.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири