Меҳнат инсонни улуғлайди
Андижонда бир гуруҳ тадбиркорлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Андижонлик илғор ва фаол тадбиркорлар қатнашган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, барча тадбиркорларни касб байрамлари билан муборакбод этди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, хусусан, 20 август юртимизда Тадбиркорлар куни сифатида байрам қилиниши белгиланганлигини алоҳида таъкидлади.
Андижон вилоятида кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги натижасида ушбу соҳанинг вилоят иқтисодиёти ривожида, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги роли салмоқли ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тадбиркорлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига асосан, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганларга нишон ва эсдалик совғаларини топширди.
– Тадбиркорлик борасидаги фаолиятим, меҳнатларим эътироф этилиб, “Фаол тадбиркор” нишони билан тақдирланганлигимда беҳад хурсандман, – дейди Хўжаобод туманидаги “Orxideya Textilе” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Матлубахон Жўраева. – Бу менга янада шижоат бағишлайди, шу билан бирга зиммамга катта масъулият юклайди. Тадбиркорлик борасидаги ишларим кўламини янада кенгайтиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга астойдил ҳаракат қиламан. Барча тадбиркорларни табриклайман. Уларнинг юртимиз равнақи йўлидаги ишларида омад тилайман.
[gallery-13181]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА