Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан маҳаллий меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб мутахассисликлар кесимида ўрганилди. Таҳлил жараёнида 180 та туман ва шаҳарда истиқомат қилувчи 7 минг 843 нафар иш берувчи қатнашиб, 172 та мутахассислик бўйича сўров ўтказилди.
Натижаларга кўра, савдо соҳаси, айниқса, онлайн савдо йўналишидаги мутахассисларга талаб энг юқори экани маълум бўлди. Бунинг асосий сабаби шундаки, иш берувчиларнинг 23,4 фоизи савдо соҳасида фаолият юритади. Шунингдек, республикадаги умумий корхоналар орасида савдо корхоналарининг улуши 32,5 фоизни ташкил этади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим ва IT соҳаларида ҳам бир қатор мутахассисликларга юқори талаб мавжуд. Жумладан, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳайдовчилари, механиклар, агрономлар, IT дастурчилар ва чет тили ўқитувчиларига эҳтиёж сезилмоқда. Шунингдек, малака талаб этмайдиган фаррош, боғбон ва ҳайдовчи каби касбларга ҳам талаб юқори. Бу соҳаларда кадрлар қўнимсизлигининг юқори даражада экани бунга асосий сабаб сифатида келтирилмоқда.
Институт келгусида касб турларини кенгайтириш ва натижаларни рақамли платформа орқали оммага тақдим этишни режалаштирмоқда. Ушбу маълумотлар таълим муассасалари, ўқув марказлари ва касб танлаётган ёшлар учун фойдали бўлиши мумкин.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА