Меҳмонхоналар тармоғи туризм ривожида муҳим
Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган айни пайтда соҳада зарур инфратузилмани яратиш, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар, қолаверса, маҳаллий сайёҳларга қулай имкониятларни тақдим этиш энг муҳим масалалардан биридир.
Ҳар қандай сайёҳ бирор давлатга бормоқчи бўлса, энг аввало, у ердаги меҳмонхоналарнинг шароитлари ва нарх-навоси билан қизиқади ва ўзига энг мақбулини, ҳам имкониятлари, ҳам харажатлари қулайини танлаши шубҳасиз.
Шу боис Ўзбекистонда ҳам барча қулайликларга эга, машҳур брендлар остидаги меҳмонхоналарни барпо этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг Яккасарой туманида “Zarafshаn Golden Group” МЧЖ ва “Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи ҳамкорлигида ана шундай замонавий меҳмонхона барпо этилмоқда.
Маълумки, “Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи мазкур соҳада фаолият юритувчи дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади. “Zarafshаn Golden Group” МЧЖ ва “Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи ўртасида мазкур тўрт юлдузли меҳмонхонани барпо этиш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
[gallery-15884]
— “Dedeman” компанияси билан 10 йиллик шартнома туздик, — дейди “Zarafshаn Golden Group” МЧЖ компанияси ижрочи директори Лочинбек Хўжаев. — Яккасарой туманида 21 қаватдан иборат меҳмонхона барпо этилган. Унинг 6 қавати меҳмонхона, 12 қавати офислардан иборат бизнес марказ бўлади. Ертўла қисмида соғломлаштириш имкониятлари ташкил этилади. Биринчи қаватда меҳмонларни кутиш зали жойлашган. 2-қаватда 300 ўринга эга ресторан бўлади. Шунингдек, йиғилишлар ўтказишга мўлжалланган конференц-заллар бор. Меҳмонхонамиз 103 та хонадан иборат бўлиб, люкс, делюкс, стандарт ва ўрта тоифадаги хоналар бўлади. Меҳмонхонамиз шу йил 1 июнь куни очилиши режалаштирилган. “Dedeman” бренди билан ишлашдан мақсад ушбу тармоқ халқимизга мос, ҳамёнбоп, шарт-шароит ва урф-одатларимизга тўғри келади.
“Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи ижрочи директори Эргун Демирай “Dedeman” бренди имкониятлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
— Бизнинг бошқа брендлардан фарқимиз хона сонига эътибор бермаймиз — 10 та хонаси бор меҳмонхона ҳам, 1000 та хонаси бор меҳмонхона ҳам “Dedeman” бренди остида ишлаши мумкин. “Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи ҳар қандай ёш тоифаси бўйича меҳмонларни қамраб олади. 12 ёшгача бўлган болалар учун “Dedeman” меҳмонхоналарида яшаш бутунлай текин. 12-20 ёшгача бўлганларга 30 фоиз чегирма бор. 30 ёшдан юқориларга 20 фоиз, давлат ишчиларига, шу жумладан журналистларга ҳам 25 фоизгача чегирмаларимиз мавжуд, — деди “Dedeman” ижрочи директори.
Эътироф этиш жоизки, "Zarafshаn Golden Group" ва “Dedeman” меҳмонхоналар тармоғи ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми пойтахтимиз меҳмонларига қулай ва энг замонавий шароитларга эга меҳмонхона хизматлари кўрсатилишида ўзига хос танловни тақдим этади. Қолаверса, ушбу ҳамкорлик доирасида бу йўналишдаги ишлар давом эттирилиши кўзда тутилган.
Муҳтарама Комилова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА