“Медиа ҳафталик” Қорақалпоғистондан бошланди
Мамлакатимизда йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси – журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларини ягона платформада бирлаштирувчи “Медиа ҳафталик” ўз ишини бошлади.
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида ҳафталикнинг дастлабки куни экспертларнинг тренинг мақсади ва вазифалари, Ўзбекистон босма медиадаги контент: амалиёт, муаммо ва ечим, оператор – материал ҳаммуаллифи сифатида мавзуларида маърузалар тингланди. Машғулотлар тележурналистлар, босма нашрлар, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ўтказилмоқда.
Дастурда назария ва амалиёт бирлашиб, асосий урғу ҳақиқий тажриба орттиришга қаратилади. Мамлакатимизнинг энг етакчи медиа-экспертлари, муҳаррир ва продюсерлари иштирокида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, SММ ва стратегик коммуникациялар каби муҳим мавзулар бўйича тренинглар олиб борилмоқда.
Жумладан, дарслар давомида иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Спикерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар бермоқда. Билимларини оширган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади. Ҳафталик якунида ҳудуддаги соҳа вакилларини қамраб олувчи йирик Медиа форум ташкил этилади.
[gallery-28444]
Таъкидлаш жоизки, глобал ахборот маконидаги шиддатли ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, фейк хабарлар оқими медиа соҳаси вакилларидан мутлақо янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйилаётган мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг 26 июнига қадар ҳар бир ҳудудда беш кунлик интенсив ўқув-семинари ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.