Мебелсозлик кластери ташкил этилди
Янгиер шаҳрида лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган янги мебелсозлик кластерининг илк ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга бағишланган тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, хитойлик ҳамкорлар, тадбиркорлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Авваллари фақатгина ДСП доскалари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланган корхона вакиллари Хитойга ташрифи давомида ҳамкор топиб, ўз фаолиятини янада кенгайтиришга эришди.
[gallery-14966]
Эндиликда бу ерда йилига 35 миллиард 465 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи 3 миллион метр квадрат ДСП ва МДФ, шунингдек, турли хилдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ускуналар Хитой ва Туркиядан келтирилган.
–Бунинг учун Хитойнинг “Beijing Goods Jiangsu New Material" компанияси 4 миллион доллар миқдорида сармоя киритган. Яратилган янги иш ўринлари сони 100 тани ташкил этмоқда. Келгусида экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга, иш ўринларини эса 500 тага етказиш режалаштирилган, – дейди корхона раҳбари Отабек Хайтметов.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари