Меҳрибон инсонларнинг мурғак юракларга эҳтироми
Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшларни даволашга қаратилган “Меҳрибон юрак” хайрия мега акцияси бўлиб ўтди.
Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшларни даволашга қаратилган “Меҳрибон юрак” хайрия мега акцияси бўлиб ўтди.
Навоий шаҳрида ўтказилган ушбу тадбир вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Солиев ушбу хайрия акциясида барча фаол иштирок этиб, ўз ҳиссасини қўшиши саховатпешалигимиз намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
– Навоий вилояти бўйлаб эзгулик йўғрилган “Меҳрибон юрак” хайрия акцияси эълон қилинган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Хўжаев. – Ушбу эзгулик тарғиботи Республика ҳамда Япония, Хитой, Россия давлатларида таълим олаётган ўзбек ёшлари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди ва тарғиб қилинди. Бу акцияни ташкил этишимизда вилоятда 300 нафарга яқин боланинг юрак хасталигидан азият чекаётганлиги ҳамда уларнинг аксарияти кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанди эканлиги сабаб бўлди. Мақсадимиз эса, бугунги кунда жарроҳлик амалиётига зарурати бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган бемор болаларни даволатиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришдир. Акциямиз орқали бир боланинг юраги соғлом уришига эриша олсак ҳам қилган меҳнатларимиз бесамар кетмаган бўлади. Бугунги кунга қадар акция доирасида вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келган ёшларнинг 20 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди ва шифокорлар томонидан хулосалар берилди. Шифокорларнинг хулосасига кўра, 8 нафари операция қилинадиган бўлди.
Лойиҳа доирасида Навоий шаҳридаги Ёшлар маркази фойесида вилоятдаги мактаб ўқувчилари иштирокида “Расмлар танлови” ўтказилди.
Энг қувонарли томони кўнгиллилар ва кўнгилли ёшлар томонидан ихтиёрий равишда вилоят “Қон қуйиш” марказида болажонларимиз учун қон топшириш жараёни ҳам ташкил этилди. Шунингдек, “Меҳрибон юрак” хайрия акция доирасида Навоий шаҳридаги Ёшлар хиёбонида гала-концерт дастури ташкил этилди.

Хандона ХУДОЙҚУЛОВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Навоий вилояти кенгаши матбуот котиби.