МEҲР ҚОЛУР, ОҚИБАТ ҚОЛУР
Бугунги ҳолат барчага маълум. Бу ҳақида изоҳ беришнинг ўзи ортиқча.
Бугунги ҳолат барчага маълум. Бу ҳақида изоҳ беришнинг ўзи ортиқча. Аммо кўпчиликни қийнаётган муҳим масалалардан бири бу – дори-дармон билан бирга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сунъий равишда қимматлашидир.
Деярли 4 ойдан буён кўпчилик карантинда. Кунлик ва ойлик даромад топадиган аҳолининг аксар қисми вақтинча ишсиз қолди. Кўзга кўринмас ёвга менгзалаётган бу касалликнинг ҳужумидан омон қолишнинг асосий мезонидан бири инсон иммун тизимининг мустаҳкамлигига боғлиқ. Хўш, иммунитетни мустаҳкамловчи зарурий озиқ-овқатлардан саналган гўшт, сут, нон, мева-сабзавотларнинг нархи нега қиммат? Ёки карантин кимгадир аза бўлса, кимгадир тўйми?
Бундай дейишимизга маълум сабаблар бор. Бугун уйимиз ёнидаги дўконларга ёки бозорларга тушиб, кундалик ҳаёт учун керак бўладиган бу каби маҳсулотларни харид қилмоқчи бўлсангиз, нархини эшитиб бир тараддудланиб оласиз. Умид билан расталарни айланасиз, аммо ҳамма жойда ҳам деярли бир хил нархни эшитиб пулингизга яраша ўзингизга зарур бўлган маҳсулотни сотиб оласиз. Айрим ҳолларда ўйлаган режангизнинг ярми амалга ошганидан, уйингизда «олма ёки шафтоли олиб келинг» деб сизни кутиб ўтирган фарзандингизга ҳеч бўлмаса ярим кило олмани, шафтолини ола олмаганингиздан кўнглингиз ўксиб уйга қайтасиз.
Албатта, керакли озиқ-овқатлар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сув текин нархда сотилсин деган фикрдан йироқмиз. Чунки ҳар бир нарсани етиштириш, ишлаб чиқариш ёки етказиб келиш ўз-ўзидан бўлмайди. Аммо, масаланинг ҳеч бир нарсага, ҳаттоки пандемияга ҳам боғлиқ бўлмаган жиҳатлари борки, бу кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди. Масалан, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар одатда, нархнинг ошишини долларнинг ошгани билан изоҳлашга уринишади. «Кеча бу нархда турган эди, бугун бундай» десангиз «доллар ошди, шунга» деб жавоб беради.
Майли, шу «тамойил» сари бориб айтадиган бўлсак, четдан келадиган ёки ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар нархининг ошишини маълум маънода тушунишиш мумкиндир. Лекин қизиқ томони, чорвачилик, деҳқончилик маҳсулотларига валюта курсининг ошиши қандай таъсир кўрсатади? Асосий истеъмол қиладиганимиз гўшт, сут маҳсулотларига эътибор берсангиз, чорвадор ем-хашакни доллар курсида Америка, Германия ёки Хитойдан олиб келмайдику?. Ёки боғда, полизда мева-сабзавот етиштирадиган деҳқон қилаётган меҳнатига доллар курси ошишининг нима аҳамияти бор?
Ҳамма гап шундаки, бу мезон асосан олиб-сотарлар томонидан ўйлаб топилган. Кузатишларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, маҳсулот етиштирган деҳқон кўп ҳолларда меҳнатига яраша ўзи ўйлаган ҳақни ололмайди. Олиб сотарларнинг ўзи баъзан деҳқонларнинг манзилидан бориб, меваларни йиғиб келишади ва истаган нархда пуллашади. Бордию деҳқонларнинг ўзи деҳқон бозорига келиб қолишса, унинг маҳсулоти бозор расталаридан ўрин эгаллашга ҳам улгурмай, «тадбиркорлар» қўлида бўлади. Меҳнат қилмай, мўмай фойда олишга чоғланаётган тадбиркорлар сабабли ҳам мева ва полиз маҳсулотларининг, сут-қатиқнинг нархи қиммат. Бугунги кундаги айни ҳақиқатлардан бири ҳам шу.
Куни кеча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири меваларнинг нархи борасида ўз фикрларини ёзар экан, ўзимизда ҳам Россиядан деярли кам нарх эмаслигини айтиб «бу ҳолатда экспорт ҳам шартмас» деганга ўхшаш фикрни билдирибди. Шундан сўнг бу масалада ҳам қизиқиб кўрдим. Чиндан ҳам чет элларга ҳозирда юртимиздан кўплаб меваларимиз, хусусан, гилос, ўрик, шафтоли, шунингдек, қовун-тарвуз экспорт қилинмоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Лекин, экспорт деб ўзимизда ҳам нархнинг ошиб кетишини ҳозирги пандемия шароитида унчалик оқлаб бўлмайди, назаримда.
Эътибор берган бўлсангиз, бу йил гилос, қулупнай, ўрик, олма, шафтоли, малина сингари иммунитетни оширувчи мевалар асосан 10 минг сўмдан арзонга сотилмади. Меваларнинг навига қараб 30, 40 минггача хариди амалга оширилди. Дастлаб имкониятлар ўрганилиб, асосан аҳоли эҳтиёжи қондирилиб, ундан сўнгра чет элликларга «пуллаш» лозим эмасми? Ёки бироз қиммат нарх таклиф қилинса, «борини бозор айлаш» керакми?
Келинг, шу ўринда эътиборингизни маҳаллий бозорларимизда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навосига қаратсак.
Ўсимлик ёғи; Наманган вилоятида 12 минг бўлса, Бухорода 14 минг, Тошкент шаҳрида 15 минг сўм,
Тухумнинг бир донаси; Қорақалпоғистонда 700 сўм, Андижонда 850 сўм, Тошкент шаҳрида 1200 сўм, Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларида 1000 сўм.
Мол гўшти; Тошкент шаҳрида 70 минг сўм, Бухорода 56 минг, Самарқанд вилоятида эса 60 минг.
Қўй гўшни ўртача ҳисобда Тошкент вилоятида 70 минг, Андижон ва Самарқанд вилоятида 60 минг сўм.
Товуқ гўшти; Андижон вилоятида 25 минг сўм, Тошкент шаҳрида 30 минг, Жиззахда эса 28 минг сўм.
Гуруч: Қорақалпоғистон Республикасида 5500 сўм, Самарқанд вилоятида 12 минг сўм, Сурхондарёда 14 минг сўмдан, Тошкент вилоятида 16 минг, Сирдарё вилоятида 17 минг сўмдан хариди амалга оширилмоқда.
Картошка; Жиззах вилоятида 5500 сўм, Самарқанд вилоятида 12 минг сўм.
Пиёз; Жиззахда 3000 сўм, Самарқанд вилоятида 4000 сўм.
Сабзи; Сурхондарёда 2500 сўм, Жиззах вилоятида 3500 сўмгача.
Саримсоқ пиёз: Самарқанд вилоятида 90 минг, Сурхондарёда 40 минг, Сирдарё вилоятида 34 минг сўмгача сотилмоқда.
Мевалардан; шафтоли, нок, олма ва бошқа шу каби витаминга бой сархил меваларнинг нархи юртимиздаги деярли барча маҳаллий бозорларда 10 минг сўмдан юқори сотилмоқда.
Гувоҳи бўлганимиздек, бозорларимиздаги нарх-наво анчайин баланд. Шу ўринда таклиф сифатида айтар эдикки, ҳокимликлар, бозор мутасаддилари ва бошқа тегишли ташкилотлар доимий назорат ҳамда ўрганишларни олиб боришлари керак. Бу жараёнда энг аввало, холислик, адолат, бироз баландпарвоз туюлсада, ватанпарварлик билан иш юритиш лозим бўлади.
Жаннатмонанд диёримиз бағрида пишиб етилаётган маҳсулотлар нархининг қимматлашишига яна бир сабаб, назаримизда, юртдошларимизнинг ортиқча ваҳимага деймизми ёки шов-шувга берилишида. Ҳозирку вазият жойида, аммо пандемия бошланган пайтларда бозорларимизда кузатилган ҳолат кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда айрим инсонлар ўн қоплаб картошкаларни сотиб олгани, бозорларда узундан-узоқ навбатга туришлар ва жанжаллар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқаган эди. Ундан кейин саримсоқ пиёз ва лимоннинг нархи шов-шувли даражада ошиб кетди. Айни кунларда эса «хрен» деб аталадиган илдизнинг нархи осмон бўлгани айтилмоқда.
Кези келганда шуни айтиш керакки, ҳозирги давр ҳам элу юртга келган бир синов. Бу синовни ҳамжиҳатликда, аҳилликда енгиб ўтиш кўп жиҳатдан аввало, ўзимизга, аниқроғи, инсофу диёнатимизга, кўзи тўқлигимизга ҳам боғлиқ. Қолаверса, мавжуд вазиятдан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқарган ҳолда янада тадбиркорлик билан иш юритишни талаб қилмоқда. Масалан, гўшт маҳсулотларининг нархи бошқа зарурий озиқ-овқатларга нисбатан қимматлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу соҳа вакиллари саналган фермерларни кўпайтириш жуда муҳим. Чорвага ихтисослашган «бўрдоқичилик», «наслчилик» йўналишларини ривожлантириш зарур. Натижада сут маҳсулотларининг танқислиги ҳам бартараф этиларди.
Бундан ташқари, айни кунларда ҳам бўш ер майдонларидан иккинчи экин учун унумли фойдаланиш мумкин. Асосан марказлашган ҳудудларда полиз экинларини етиштириш бироз мураккаб ҳисобланади, аммо биргина лимонни хона шароитида парваришлаш мумкинлиги амалиётда исботланган.
Албатта, буларнинг барчаси айни шу кунлардаги жараёнлардан келиб чиққан фикр ва мулоҳазалар. Коронавирус деб аталмиш бало дунёни ўзгартириб юбораётган бир пайтда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, бозору дорихоналарда нархларни сунъий оширмасак, айрим амалдорлар ва санитария-эпидемиология масъулларига ўхшаб «отнинг ўлими – итнинг байрами» тарзида иш тутиб, халқнинг пулини туя қилмасак, бу кунлардан ҳам ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Севимли шоиримизнинг кўпчиликка таниш мисраларига озгина ўзгартириш қилиб айтадиган бўлсак, меҳр қолур, оқибат қолур. Янаям хулоса ўзингиздан.
Манижа БАҲРИЕВА,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси бош мутахассиси