Меҳнати кам, фойдаси кўп
Қашқадарё вилоятида 2015 йилда 3 минг 309 тонна балиқ етиштирилди.
Қашқадарё вилоятида 2015 йилда 3 минг 309 тонна балиқ етиштирилди.Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, соҳада фаолият кўрсатаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Қашқадарё вилоятида ҳам балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, кўплаб табиий ва сунъий ҳавзалар барпо этилди. Ҳовузларнинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази, “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Қашқадарёда балиқчиликни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларига бағишлаб ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз борди.
– Балиқчилик тармоғи ривожлантирилиши ва юқори ҳосилдорликка эришиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази директори Руҳиддин Қурбонов. – Бу борада замонавий, илғор ва самарали усулларни қўллаш юқори натижа беради. Масалан, табиий сув ҳавзаларида қафас усулида ёки сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш орқали балиқ етиштириш, тез етиладиган, касалликларга бардошли балиқ турларини кўпайтириш, маҳсулотларни қайта ишлашни йўлга қўйиш янада самаралидир.
Жорий йилда вилоятда балиқ етиштиришга ихтисослашган 89 янги хўжалик ташкил этиш, балиқ овлаш режасини 6 минг 150 тоннага етказиш мўлжалланмоқда.
Семинарда балиқчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳа вакилларига кредит бериш йўл-йўриқлари, омихта ем ва балиқ чавоқлари етказиб бериш тартибини яхшилаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.