
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида "МДҲ рассомларининг графикаси" кўргазмаси очилди. Кўргазма томошабинларни "Ўзмиллийбанк" АЖ тўпламига кирувчи график санъатнинг ўзига хос асарлари билан таништиради.
Кўргазмада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг 1970-1980 йиллар маданий ва бадиий хилма-хиллигини акс эттирувчи асарлар намойиш этилмоқда. "Ўзмиллийбанк" АЖ тўпламидаги МДҲ рассомлари графика асарларида анъаналар, фалсафа ва турли бадиий ёндашувлар уйғунлашган график санъат жамланган.
Графика — бу санъатнинг ўзига хос тили бўлиб, минимал ифода воситалари орқали чуқур маънолар ва эмоцияларни етказиш имкониятини беради. Экспозицияда графиканинг турли техникаларида бажарилган асарлар намойиш этилмоқда. Жумладан: офорт, линогравюра, литография ва акварель.
[gallery-21412]
"Ўзмиллийбанк" АЖ тўпламидаги ҳар бир график асар — муаллифларнинг кўп қирралилиги, қадриятлари ва маданий меросини намойиш этади. Кўргазма график санъатнинг ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк эканлигини, меҳнат, жамоавий бирдамлик, табиат билан боғлиқлик, маданий ва миллий ўзлик, эстетик қадриятлар ва вақт ҳақидаги фалсафий мулоҳазалар каби умуминсоний мавзулар орқали одамларни бирлаштира олишини кўрсатишга интилади. Ушбу экспозиция нафақат бадиий, балки томошабинларни руҳлантирувчи ва МДҲ мамлакатларининг тарихи ва санъатини графика призмаси орқали чуқурроқ англаш имкониятини берувчи таълимий лойиҳадир.
Кўргазмада МДҲ мамлакатлари ижодкорлари, жумладан, Г.Церетели (Грузия), А.Гусейнов (Озарбайжон), Р.Азимов (Тожикистон), А.Петров, В.Иванов (Россия), И.Воҳитов, М.Кагаров, А.Мамажонов, М.Содиқов (Ўзбекистон), А.Бейсембинов, Д.Зульфуқорова (Қозоғистон) каби таниқли рассомларнинг график асарлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма доирасида графика бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Унда Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги А.Мамажонов, иқтидорли рассомлар Е.Пак ва Д.Тўхтақуловлар меҳмонлар ва талабаларга графика санъати бўйича ўз тажрибаларини намойиш этишди.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуот хизмати