МДҲ Парламентлараро ассамблеяси доимий комиссияси тинч аҳоли ҳимоясига эътибор қаратди
Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси Сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон парламент делегацияси таркибида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маткаримов қатнашди.
Парламент аъзолари халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини замонавий таҳдид ва чақириқлар шароитида такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббусларни муҳокама қилди.

Жумладан, кибермаконда тиббиёт муассасалари ҳамда фуқароларга оид маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, тинч аҳоли ўртасида очарчиликнинг олдини олиш мақсадида хавфсиз денгиз йўлакларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилга қадар мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар якуни бўйича миллий қонунчилик ва ҳарбий йўриқномаларда қуролли можароларнинг барча босқичларида инсонпарварлик тамойилларини жорий этиш зарурлигини мустаҳкамловчи сиёсий декларация қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
“Сунъий интеллект ва янги технологиялардан терроризмга қарши курашиш ҳамда радикаллашув ва экстремизмнинг олдини олиш мақсадларида фойдаланишни қонунчилик жиҳатдан тартибга солиш” мавзусидаги халқаро конференциянинг дастлабки якунлари ҳақида ахборот тақдим этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА