МДҲ мамлакатлари саноат сиёсати бўйича умумий ёндашувларни белгилаб олди
Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари Саноат сиёсати бўйича кенгашининг ўн иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Қозоғистон, Россия ва Тожикистон делегациялари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари ҳамда саноат соҳасига ихтисослашган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон номидан йиғилишда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Аҳаджон Исоқжонов бошчилигидаги делегация қатнашди.
Тадбирда иштирокчилар саноат тармоқларини модернизация қилиш, хавфсиз ишлаб чиқаришни таъминлаш, юқори технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлатлар ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Таъкидланганидек, замонавий иқтисодий шароитда саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мамлакатларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва технологик тараққиётни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Йиғилишда оғир машинасозлик соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига аҳамият қаратилди. Шу мақсадда мазкур йўналишда қабул қилинган келишувларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси маъқулланди. Мазкур ҳужжат ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш, инновацион ечимларни жорий этиш ва корхоналар ўртасида тажриба алмашинувини ривожлантиришни назарда тутади.

Шунингдек, фуқаролик кемасозлиги ва кема жиҳозлари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар ушбу соҳада қўшма ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди.
Йиғилишда МДҲ давлатларида электрон саноатни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик концепцияси ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам тасдиқланди. Қайд этилганидек, электрон саноатнинг ривожланиши рақамли иқтисодиётни кенгайтириш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва технологик мустақилликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида саноат кооперациясини кенгайтириш, инновациялар трансферини рағбатлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. Шу маънода иштирокчи давлатлар саноат сиёсати бўйича умумий ёндашувларни шакллантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Қўмита ахборот хизматининг хабар беришича, МДҲ иштирокчи давлатлари Саноат сиёсати бўйича кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилади.
Н.Зиёдуллаева. ЎзА