МДҲ маконида коррупцияга қарши курашишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон делегацияси Минск шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ҳукуматлараро кенгаши XI мажлисида иштирок этди.
Ўзбекистон 2025 йилда МДҲнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгашини тузиш тўғрисидаги битимга расман қўшилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул орган саналиб, Агентлик директори кенгаш аъзоси этиб тайинланган.
Мажлисда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси масъуллари қатнашди.
Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан тажриба алмашиш, ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, коррупция йўли билан орттирилган мол-мулкни мусодара қилиш, қонунчилик ҳужжатларининг криминологик экспертизасини ўтказиш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Нуфузли тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси асосида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар тақдимот қилинди.
Кенгашга аъзо давлатлар томонидан ушбу ислоҳотлар эътироф этилиб, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига МДҲ иштирокчи давлатларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича таянч таълим ташкилоти мақомини бериш ташаббуси кенгаш аъзолари томонидан тўлиқ қўллаб қувватланди.
Н.Абдураимова, ЎзА