МДҲ Ахборот кенгаши мажлиси давом этмоқда
РФ Бош вазири Дмитрий Медведев МДҲ Давлат ахборот агентликлари раҳбарлари кенгаши (МДҲ Ахборот кенгаши)нинг XXVII мажлиси ўтаётган Москва шаҳридаги ТАСС бош қароргоҳига ташриф буюрди.
ТАССнинг хабар беришича, РФ Бош вазири Дмитрий Медведев МДҲ Давлат ахборот агентликлари раҳбарлари кенгаши (МДҲ Ахборот кенгаши) нинг XXVII мажлиси ўтаётган Москва шаҳридаги ТАСС бош қароргоҳига ташриф буюрди.
Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мажлиснинг асосий мавзуларидан бўлди. “Бу – бизнинг умумий байрамимиз, унга эришиш йўлида халқларимиз келажак авлодларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга мажбур бўлган, - деди мажлисда МДҲ Ахборот кенгаши раиси, ТАСС бош директори Сергей Михайлов. – Инсоният тарихидаги энг қонли урушда ғалаба қозонишга муваффақ бўлган одамларнинг буюк жасоратини унутишга ҳаққимиз йўқ”.

Сергей Михайлов ахборот агентликлари ёш авлод онгига тарих, билим ва қадриятлар, фуқароларимизнинг қаҳрамонлиги, фашизмнинг ёвузлиги ҳақидаги хотираларни сингдириш учун ижодий ва техник салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.
Михайловнинг сўзларига кўра, ТАСС томонидан “Уруш давридаги матбуот” номли катта фотокўргазма тайёрланмоқда. У агентлик мухбирлари томонидан олинган суратлар ва архив фотосуратлардан ташкил топади ҳамда “Манеж” Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади. БелТА Беларусь ахборот агентлиги бош директори Ирина Акулова ТАСС лойиҳасида иштирок этишга тайёр экани ҳамда кўргазма учун ўнлаб ноёб суратлар топширилгани ҳақида маълум қилди.
“АРМЕНПРЕСС” Арманистон давлат ахборот агентлиги директори Арам Ананян Ғалаба кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган ахборот-қидирув ишлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, агентлик саъй-ҳаракатлари билан собиқ СССРнинг турли давлатларидан 60 дан зиёд аскар ва офицерларнинг фронтларда олинган ноёб расмлари топилган. Кенгашнинг фахрий меҳмони Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов Ўзбекистоннинг Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини эътироф этди. Шунингдек, Абдусаид Кўчимов Ғалабанинг 75 йиллиги келгуси йилда агентликнинг энг асосий мавзуларидан бирига айланишини қайд этди.

МДҲ Ахборот кенгаши 1995 йил ноябрь ойида ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистон давлат ахборот агентликлари раҳбарлари киради. Навбатдаги мажлис 2020 йил март ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтади. МДҲ Ахборот кенгаши фаолияти МДҲга аъзо мамлакатларнинг ахборот соҳасидаги ҳамкорлигини таъминлаш, тўсиқсиз ахборот тарқатиш ва самарали касбий фаолият бўйича тажриба алмашиш учун қулай шароитлар яратиш ҳамда медиаҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.