
Совуқ кунлар бошланиши билан аҳолининг иссиқлик ва энергияга бўлган талаби орта бошлайди. Натижада куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш бошланади. Мазут ёқилиши ортидан атмосферага зарарли ташланмалар кескин ортади ва ҳаво ифлосланади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарда асосан кўмир, мазутдан кенг фойдаланилади. Шамол улардан чиқаётган заҳарли ҳавони шаҳар ичига қараб ҳайдайди. Бундан ташқари, шаҳар ичидаги хонадонларда ҳам иссиқхоналар бор. Бу эса пойтахт ҳавосининг янаям ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Статистикага кўра, мазутдан фойдаланиш натижасида атмосферага бир йилда 15,7 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган.
Хўш, мазутдан бутунлай воз кечишнинг имкони борми?
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги йилларда республикамизда куз-қиш мавсумида иситиш марказларида мазутдан фойдаланиш туфайли ҳаво сифати кескин ёмонлашгани кузатилган.

Жумладан, “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖнинг Тошкент шаҳридаги 6 та филиалининг 9 та манбасида захира ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланилади. “Тoshkent IES” АЖда 2022–2023-йилларда мазутдан фойдаланиш деярли 2,5 баробарга ортган, мазкур корхонанинг 4 та устувор манбаларида 2023 йилда 268,6 минг тоннадан ортиқ мазут ёқилиши натижасида атмосфера ҳавосига ушбу йил давомида 15,7 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган.
Бу корхоналарнинг ҳеч бирида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилмаган. Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг ортиши ҳамда мазут ёқилғисидан фойдаланиш натижасида Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб, пойтахт халқаро IQAir платформаси маълумотларига асосан дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари рейтингида юқори ўринларни эгаллади ҳамда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Мазут ёқилмаса, эҳтиёжлар қандай қопланади?
Мутахассислар табиий ресурсларни, экологияни ва аҳоли саломатлигини асраш учун энг мақбул ечим – “яшил” энергетика эканини таъкидлаб ўтган. Қайд этилишича, бугунги кунда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 25-30 фоизгача қисми “яшил” станциялар ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йил якунига қадар барча ҳудудларда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу таклиф кенг жамоатчилик вакиллари, экофаоллар, ижтимоий тармоқ фаолларининг таклиф ва мулоҳазалари асосида тайёрланган ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида муҳокамага қўйилган.
Лойиҳага кўра, 2025 йил якунига қадар республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади (Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда авариявий ёқилғи сифатида фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно). Шунингдек, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташланишини камайтириш мақсадида “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ 2025 йил якунига қадар барча атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларини ўз маблағлари ҳисобидан тўлиқ чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлайди. Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар иссиқлик марказлари ва ИЭСларда мазутдан фойдаланиш қатъиян тақиқланади ва куз-қиш мавсумида иссиқлик марказларини табиий газ билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилади.
Атмосферага фойдаси
Мазутдан фойдаланишни тақиқлаш натижасида атмосферага ташланаётган зарарли моддалар миқдори камаяди ҳамда атмосфера ҳавоси сифати яхшиланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА